Мирзиёев Италия президентига ҳамдардлик билдирди
Наполитано Италия давлатини 2006 йилнинг майидан 2015 йилнинг январигача бошқарган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Италия Республикаси Президенти Сержо Маттареллага ушбу мамлакат собиқ Президенти, йирик давлат ва жамоат арбоби, сенатор Жоржо Наполитано вафот этгани муносабати билан таъзия йўллади.
Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари Италия халқига ҳамда марҳумнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик билдирди.
Наполитано Италия давлатини 2006 йилнинг майидан 2015 йилнинг январигача бошқарган. 2013 йил апрел ойида у мамлакат тарихида иккинчи муддатга қайта сайланган республиканинг биринчи президенти бўлди. Кейин у мамлакат тақдири учун қайғуриб, янги мандатга "рози бўлишга мажбур бўлганини" айтганди. У Коммунистик партиянинг собиқ аъзоси бўлган Италиянинг ягона раҳбари бўлди.
2018 йилнинг апрел ойида Наполитано аорта аневризмаси бўйича операцияни муваффақиятли ўтказди. У ўтган йилнинг май ойида қорин бўшлиғида жарроҳлик амалиёти учун касалхонага ётқизилганди.