Чустда болалар доридан заҳарлангани айтилмоқда
Бош прокуратура ва ССВ вазият юзасидан баёнот эълон қилди.
Наманган вилояти, Чуст туманида юзга яқин боғча болалари доридан заҳарлангани бўйича хабар тарқалди. Бош прокуратура ва ССВ баёнот эълон қилиб, ҳодисани тасдиқлади.
Бош прокуратуранинг ёзишича, Чуст туманида вояга етмаган болалар заҳарланиши юзасидан прокуратура томонидан терговга қадар текшириш ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Текшириш давомида вояга етмаган болаларнинг заҳарланиши сабаблари аниқланади ва бу ҳақида қўшимча равишда хабар қилинади.
"Вояга етмаган болалар нимадан заҳарланганлиги хали номаълум бўлганлиги сабабли жамоатчиликдан нотўғри ва турли тахминларга асосланган хабарларни тарқатмасликларни сўраб қоламиз", дейилади хабарда.
Текшириш жараени назоратга олинган.
Чуст туманида фавқулодда ҳолат эълон қилинганлиги хақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги изоҳида қайд этилишича, туман тиббиёт бирлашмасига қабул қилинган болаларнинг барчасига белгиланган стандартлар бўйича даво муолажалари олиб борилмоқда.
Уларга якуний ташхис қўйиш мақсадида белгиланган талаблар асосида намуналар олиниб, экспертизадан ўтказилмоқда.
Айни пайтда болаларнинг ҳолати қониқарли, улардан 10 нафарининг аҳволи яхшилангани сабабли уйига рухсат берилди.
Туманда содир бўлган ушбу ҳолат шахсан Соғлиқни сақлаш вазири томонидан қатъий назоратга олинган.
Мазкур ҳолат сабабларига ойдинлик киритилгач, қўшимча ахборот берилади.
Аввалроқ, Ангрендаги уч боғчада болалар заҳарланганди.