Пойтахт бош электрчиси сессияларда қатнашмаётгани маълум бўлди
У электр таъминоти юзасидан 6 ойлик ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича ҳисобот бериши керак эди.

“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент шаҳар ҳудудий филиали бош директори Шуҳрат Пўлатов халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши сессияларида қатнашмаяпти. Бунга Телеграмдаги Media24uz канали эътибор қаратган.
Айтилишича, Пўлатов пойтахтда электр таъминоти юзасидан 6 ойлик ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича ҳисобот бериши керак эди. У қатнашмагани сабабли кенгашнинг 3 та сессиясида ҳисобот бериш ортга суриб келинмоқда.
2023 йил 27 июл. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент шаҳар ҳудудий филиали бош директори Ш.Пўлатов “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент шаҳар ҳудудий филиали томонидан 2023 йил 6 ойи давомида амалга оширилган ишлар ва 2023 йил якунига қадар белгиланган режалар тўғрисидаги ҳисоботида қатнашмагани сабабли мазкур масала навбатдаги сессия муҳокамасига қолдирилган.
2023 йил 25 август. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Тошкент шаҳар ҳудудий филиали бош директори Ш.Пўлатов халқ депутатлари Тошкент шахар Кенгашининг 86 ва 87-сессияларида ҳисобот топширишда иштирок этмагани сабабли навбатдаги кенгаш сессияларида шахсан иштироки таъминланиши айтилган.
2023 йил 20 сентябр. “Тошкент шаҳар электр тармоқлари” корхонаси АЖ бош директори Ш.Пўлатов Тошкент шаҳрида куз-қиш мавсумида энергетика тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ҳисоботида қатнашмагани сабабли мазкур масала навбатдаги сессия муҳокамасига қолдирилган.
Шуҳрат Пўлатов шу йил июнда ушбу лавозимга тайинланганди. Унгача Миробод тумани ҳокими бўлиб ишлаган.




