platina.uz

Андижондаги маҳаллада катта ишлар бошланди

Вилоятга борган президент маслаҳатчиси боқимандалик мавзусига ҳам тўхталди. 

Жамият
19 сентябрь 2023 йил
Андижондаги маҳаллада катта ишлар бошланди

Президент топшириғига асосан олиб борилаётган “Обод кўча”, “Обод маҳалла”, “Обод хонадон” мезонларини жорий қилиш, ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш бўйича кенг кўламдаги амалий ишлар Андижон вилояти Жалақудуқ тумани “Қутлуқ” МФЙда ҳам бошлаб юборилди.

Аҳолини ўйлантириб келаётган муаммоларга ўз вақтида ва сифатли ечим топиш мақсадида Президент маслаҳатчиси Ғофуржон Мирзаев бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳи вакиллари ҳам бевосита жойларга чиққан холда уйма-уй юриб ўрганишлар олиб бормоқда.

Хусусан, маҳалладиги 43-сонли умумтаълим мактаби ҳолати кўздан кечирилди. Қайта таъмирдан сўнг фойдаланишга топиширилиши режалаштирилган мазкур ўқув даргоҳида бошланган иш жараёни, келгусида амалга ошириладиган қурилиш ишлари билан яқиндан танишилди.

Шуниндек, маҳалла йиғини инфратузулмаси, аҳолининг тоифалари бўйича маиший-ижтимоий шарт-шароитлари атрофлича ўрганилди. Мутасаддиларнинг ахборотлари тингланди.

Президент маслаҳатчиси мактаб фаолияти, ўқитувчиларнинг савияси, уларнинг малакасини ошириш билан боғлиқ муаммоларга тўхталди. Чунки ушбу ўқув даргоҳидан олий таълимга ўқишга кирган ўқувчиларнинг сони оз эканини бевосита муаллимлар билимига, тажрибасиги боғлиқ бўлишига эътибор қаратди.

Президент маслаҳатчиси ахолининг тоза ичимлик сувига бўлган талабини қондириш, айниқса, ободончилик ишларига алоҳида ёндашув кераклигини таъкидлади. Давлат халқ манфаати учун амалий ишларни қилади, аммо айрим маҳаллларда баъзи бир фуқароларнинг “давлат, ҳокимият қилиб беради” деган боқиманда кайфияти ҳамон борлиги, мана шу одат тусига кириб қолган иллатга ўрганиб қолиш ҳолатлари ҳамон яшовчанлигини айтиб ўтди.

Ободликка ҳар бир хонадон эгаси ўзи, ота-оналар, хонадон катталари, аввало, фарзандларини ўргатиши керак, кўникма ҳосил қилсин. Бирга яшаётган оила, хонадан аъзолари яшаш жойларини, биринчи навбатда, маиший нуқталарни озода ва покиза сақлашга, мавжуд томорқалардан унумли фойдаланишга одатланиши, эришмоғи шарт.

Айниқса, томорқа хўжаликлари оилага қўр, қўшимча даромад келтирадиган манбаси, улардан самарали фойдаланишни қатъий йўлга қўйиш керак бўлади.

Маҳалла ҳудудидаги 195 нафар меҳнат мигратларини қайтариш чораларини тезлаштириш керак, ҳудуддаги тикувчилик билан шуғулланадиган тадбиркорлар ишини такомиллаштириш, аҳоли маълумотларини рақамлаштириш ва маълумотлар базасини яратиш борасидаги ишлар, маҳалла “бешлиги”ни кучайтириш мақсадга мувоффиқдир.

Қабристонларни обод сақлаш, куз ва қишки ариқ тозалаш ишларини бошлаш зарурлигини таъкидлади, маҳалла кўчалари ва сув йўллари аҳволи билан қизиқди.

“Қутлуғ” маҳалла фуқаролар йиғини Наво кўчасидаги мактаб ҳовлисида бўлиб ўтган учрашув ва суҳбатда Президент маслахатчиси вилоят ва туман ҳокимлиги, вилоят ва туман прократура, ички ишлар, таълим тизими мутасадди рахбарлари, Республика ишчи гуруҳи аъзолари билан юқоридаги каби ўнлаб долзарб мавзуларда сўз юритди. Маҳалла оқсоқоллари ва аҳоли вакиллари билан суҳбат ўтказди.

-Ушбу дастур ижроси билан катта амалий ишлар қилинади. Республика ишчи гурухи шуғулланмоқда. Биз вилоят бўйича ушбу дастурга тушган ҳудудларда ташкил этилаётган амалий ишларни ўрганиб бориш билан бирга ёрдам ҳам берамиз. – дейди ишчи гуруҳ аъзоси Янгибой Маҳаммадиев.

Туман ҳокими Ҳикматилло Латипов ҳам дастурга тушган ҳудуд аҳоли вакиллари билан шу жойда учрашди.

- Сув муаммоси бор эди. Келгусида сув сиғими катта бўлган янги сувхона қуйилади. –деди хоким қишлоқ отахон ва онахонларига. – Шу ҳудуд сектор раҳбари, вилоят прокурори ҳам келиб, “нима қилсак сув яхши бўлади” деб савол берди. Насос янгиланади. Туманга олинадиган 17 та сув насоснинг биттаси шу ерга қўйилади.

Бу ердаги кичик трансфарматор 100 ликка алмаштирилади.

-Энди масаланинг иккинчи томони ҳам бор, - деди туман раҳбари. –Қарс ҳам икки томондан чиқади. Сизлар яшаётган кўчаларда шунча амалий ишлар бўляпти, лекин аҳолининг бунга жавоби қандай? Улар ўзлари яшаб турган ҳовли жойларга, ободончилик ишларига, яхши, озода турмуш маданиятига эришиш борасидаги ишларга қандай хисса қўшяпти, бунга муносабати ва иштироки қандай бўляпти?

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+