Олтин қўшилган таомни ейиш ҳалол эмас — Фатво маркази
Айрим табиблар шифо мақсадида кам миқдорда олтин истеъмол қилишни тавсия қилган бўлиши мумкин.
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси фатво маркази ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган олтин қўшилган таом ейишнинг ислом динидаги ҳукми бўйича маълумот берди.
Марказ маълумотига кўра, "олтинни ўзини ейиш ёки уни бирор таомга қўшиб тановул қилиш динимизда дуруст эмас".
Айтилишича, "олтин ва кумуш нақд пул ҳамда аёлларга зийнат қилиб яратилган. Уни ейдиган нарсага айлантириш жоиз эмас. Бундай қилиш шаръий ва инсоний урфга зиддир. Чунки бирор бир миллат, дин ёки жамият олтин ва кумушни таом сифатида қабул қилмаган".
Айрим табиблар шифо мақсадида кам миқдорда олтин истеъмол қилишни тавсия қилган бўлиши мумкин. Бу заруратда бошқа дори қолмагани учун “ҳаром билан даволаниш” бобидан бўлиб, алоҳида мавзу ҳисобланади. Лекин одатдаги ҳолатда тилла ва кумушни таомга қўшиб ейиш ҳалол эмас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қўқон шаҳридаги чойхоналардан бирида олтин қўшилган палов тайёрланаётгани, унинг бир килограмми 3500 доллар атрофида бўлиши ҳақида маълумотлар тарқалганди.