Марказий Осиё журналистлари фейк хабарларга қарши курашмоқчи
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Марказий Осиё ОАВлари ассоциациясини ташкил этишни таклиф қилди.
Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Марказий Осиё ОАВлари ассоциациясини ташкил этишни таклиф қилди.
Унинг айтишича, Марказий Осиёда оммавий ахборот воситалари орқали кўплаб сохта маълумотлар тарқалмоқда. Имомали Раҳмон Душанбеда бўлиб ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашувида бу ҳақда гапирган.
“Сўнгги йилларда Марказий Осиёга оммавий ахборот воситаларининг қизиқиши кескин ошганини кузатдик.ОAВ майдони минтақадаги вазият ҳақида турли, баъзан қарама-қарши ва бузиб кўрсатилган маълумотлар билан тўлиб кетган. Ёлғонга эмас, реал фактларга асосланган чинакам дўстлик ва ҳамкорлик ахборот муҳитини яратиш керак”, деди у.
Раҳмон Марказий Осиё мамлакатларида аҳолининг ярмидан кўпини ёшлар ташкил этишини эслатди. Унинг фикрича, ёш авлод салбий ҳодисаларга қарши туришни ўрганиши ва хавфсизроқ ва адолатли умумий маконни яратишга ҳисса қўшиши керак.
Эслатиб ўтамиз, 14-15 сентябр кунлари Душанбе шаҳрида Марказий Осиё давлатлари президентларининг саммити бўлиб ўтмоқда.
Аввалроқ Марказий Осиё давлатлари алоҳида иқтисодий кенгаш тузиши мумкинлиги хабар қилинганди.