АҚШ элчихонаси "Грин карта" ғолибларини жиддий огоҳлантирди
Элчихона дунё бўйлаб белгиланган виза миқдори тугагунга қадар DV визаларини тақдим этишни давом эттиради.
AҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси "Грин карта" дастури ғолибларига жиддий огоҳлантириш билан чиқди. Айтилишича, дунё бўйлаб "Грин карта" дастури учун белгиланган йиллик 55 000 та виза сони шу кунларда ниҳоясига етиши мумкин. Белгиланган лимит тугаса, элчихона DV дастури бўйича суҳбатга кирганларга виза тақдим эта олмайди.
"Тошкентда ушбу ойда бўлажак виза суҳбати куни белгиланган мурожаатчилар виза ололмасликлари мумкин. Виза учун талаб этилган ҳужжатлари тўлиқ эмаслигини биладиган мурожаатчилар виза суҳбатига келишдан (ва қайтариб берилмайдиган виза тўловини амалга оширишдан) аввал ўйлаб кўришларини сўраймиз, чунки виза бўйича мурожаатни кўриб чиқиб, уни якунлаш учун етарлича вақт қолмаслиги мумкин", дейилади элчихона эълон қилган хабарда.
Тошкентдаги AҚШ элчихонаси дунё бўйлаб белгиланган виза миқдори тугагунга қадар DV визаларини тақдим этишни давом эттиради ва бугунги кунгача 3 100 дан ортиқ виза мурожаатчилари билан суҳбатлар аллақачон ўтказилган.
Эслатиб ўтамиз, "Грин карта" натижалари жорий йил май ойида эълон қилинганди.