platina.uz

Коррупцияда айбланган президентлар: топ-5

Умуман олганда, Жанубий Америкаси қитъаси доим инқилобларга ва давлат тўнтаришларига бой бўлган.

Сиёсат
31 август 2023 йил
Коррупцияда айбланган президентлар: топ-5

Коррупцион схемада асосий фойда олувчи, порахўрлик ва оғир ҳолатдаги сотиб олиш айбловлари билан озодликдан маҳрум қилинган давлат раҳбарлари ҳақида.

31 август. 2016 йилнинг айни шу санасида Бразилия Сенати қарори билан президент Дилма Руссефф коррупция можаросига алоқадорлиги сабабли импечмент йўли билан лавозимидан четлаштирилган эди.

Умуман олганда, Жанубий Америкаси қитъаси доим инқилобларга ва давлат тўнтаришларига бой бўлган. Лекин демократия белгилари ҳам уларга ёт эмас. Ўзини демократик деб атайдиган айрим давлатлардан фарқли ўлароқ, нобоп ва номақбул президентларни импечмент қилиб курсидан тушириш уларнинг конституцияларида муҳрлаб қўйилган. Қонунчиликда бундай процедура бўлмаса, ҳар қандай давлат раҳбари курсига ёпишиб олиб, ўлгунича ҳокимият тепасида қолиши мумкин.

Бразилияда ҳам халқ бундай имкониятлардан фойдалана олади. Президент Дилма Руссефф ҳам шундай усулда ҳокимиятдан четлаштирилган.

Дилма 1964 йилда президент Жуан Гуларт ағдарилган ҳарбий тўнтаришдан сўнг сиёсат фаолиятга аралашган.

1977 йилда университетни тамомлаб, иқтисодиёт йўналиши бўйича бакалавр дипломини олган. Шундан сўнг у қонуний сиёсий мухолифатда туриб фаолият юритган.

2010 йилда Бразилиядаги президент сайловларида иштирок этиб, кўпчилик овоз билан Бразилия тарихидаги биринчи президент аёл сифатида олий лавозимга сайланган. 2014 йилдаги президент сайловларида ҳам кўпчилик овозларга эга бўлиб, иккинчи марта президент этиб сайланди.

Бироқ, 2014 йилда бошланган суриштирувлар натижасида президент коррупцион схемаларда айбланди. Жумладан, прокуратура Бразилия президенти Лула да Силва ҳокимиятга келганидан сўнг қурилиш компаниялари Petrobras нефт компанияси учун йирик пудрат лойиҳалар бўйича шартномалар олиб, унинг топ-менежерларига пора берганликда айблади. Полиция баёнотида Лула да Силва ушбу коррупция схемасидан асосий фойда олувчилардан бири сифатида кўрсатилган. Терговчилар кўплаб қурилиш компаниялари раҳбарларини, Petrobras топ-менежерларини ва бир қатор сиёсатчилар ишини судга оширди, улардан баъзилари узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу шов-шувлар Дилма Руссеффга ҳам таъсир қилди, чунки у 2003-2010 йилларда Petrobras директорлар кенгаши раиси бўлиб ишлаган эди. Дилма бу қонунбузарликлардан хабари бўлмаганини маълум қилган.

2015 йил сентябрда мухолифат Руссеффни 2014 йилги сайлов кампанияси давомида солиқ қонунчилигини бузишда ва давлат маблағларини номақбул сарфлаш бўйича молиявий фирибгарликда айблади. 2015 йил декабр ойида мухолифат партияларининг талабига биноан парламент Руссефга қарши импичмент жараёнини бошлади.

2016 йил 31 августда Бразилия Сенатининг қарори билан у президентлик лавозимидан четлаштирилди.

“Дунёнинг энг қудратли одами”

Бразилияда коррупцияда айбланган давлат раҳбари фақат Дилма Руссефф эмас. Юқорида номи зикр этилган собиқ президент Луис Инасиу Лула да Силва ҳам 2014 йилдаги терговлар натижаси ўлароқ коррупцион схема яратишда айбланган.

Умуман, да Силванинг аввалги икки президентлик даври кўплаб коррупцион можаролар ва жиноятчилик даражасининг ўсиши билан тарихда қолган. 2002 йилдаги президентлик сайловларида ғолиб бўлган, 2006 йилда қайта сайланган.

2010 йилда “Time” журнали Лулани “дунёнинг энг қудратли одами” деб эълон қилган.

2017 йил 12 июлда Лула коррупция ва пул ювиш иши бўйича 9,5 йилга озодликдан маҳрум этилди. У 2019 йил ноябр ойида озодликка чиқди. 2021 йил март ойида Бразилия Федерал Олий суди унга қўйилган барча айбловларни бекор қилди.

Лула ҳозир ҳам президент: 2022 йил октябр ойида Луис Инасиу Лула да Силва президентлик сайловларида амалдаги давлат раҳбари Жаир Болсонарони (биринчи турда 48,4 фоиз ва иккинчи турда 50,9 фоиз) ортда қолдириб, ғалаба қозонди. 2023 йил 1 январда Лула да Силва қасамёд қилди ва учинчи марта Бразилия президенти бўлди.

Рейтинги энг паст президент

Жанубий Америкадаги яна бир давлат – Аргентинада ҳам яхши президентни кўкларга кўтаришлари мумкин, лекин оёғи тойилиб, халқ ҳақидан ҳазар қилмасдан қонунларни оёқ ости қилса, бир пасда ҳақиқий маънода халқ нафратига сазовор бўлиши ҳеч гап эмас. Унинг 100 йил аввал халқ олдидаги қандайдир майда-чуйда эфемер хизматларини инобатга олишмайди. Ишлаган бўлсанг, маош олгансан, бу сенинг вазифанг бўлган, қолаверса, ўзинг, оиланг ва ҳамтовоқларинг билан бирга турли имтиёзлардан фойдалангансанку, дейишса керак.

Аргентина президенти Фернандо де ла Руа (1937-2019) Аргентина тепасига 1999 йилги президентлик сайловларидан сўнг келган. Барча президентлар каби у ҳам сайлов дастурида асосий урғуни коррупцияга, жиноятчиликка ва ишсизликка қарши курашга қаратган. Бироқ айнан унинг президентлик даврида Аргентинанинг иқтисодий кўрсаткичлари баттар ёмонлашди. Миллий иқтисодиёт стагнацияга кирди, давлат қарзи 100 миллиард доллардан ошиб кетди, бюджетдаги дефицит ва ишсизлар сони баттар кўпайиб кетди. Давлат қарзларини тўлашга қурби етмаганидан жуда оғриқли усулни ишга солди – давлат хизматчиларининг маошлари ва пенсияларни камайтира бошлади. Бу эса аҳолининг кенг норозиликларига сабаб бўлди. Кейинчалик эса пенсияларни ҳам тўлашга қурби етмай қолди. Чунки барча давлат маблағлари ташқи қарзи тўлашга қаратилди. Норози одамлар кўчаларга чиқа бошлади. Оммавий намойишлар ва иш ташлашлар кенг авж олди. 2001 йил 20 декабрдаги шундай намойишлардан бирида полиция билан тўқнашувлар натижасида 20 киши ўлдирилди. Фернандо де ла Руа эртаси куниёқ истеъфога чиқиб, президентликдан воз кечди. Шу йилнинг 23 декабрида эса президент вазифасини бажарувчи мамлакат 132 миллиард долларлик ташқи қарзни тўлай олмаслигини тан олиб, дефольт эълон қилди.

Фернандо де ла Руа истеъфодан кейин ҳам унутилгани йўқ. Уни полиция билан тўқнашувлар пайтида ҳалок бўлганлар иши юзасидан судга тортишди. Прокуратура собиқ президентни 2000 йилда “оғир ҳолатдаги сотиб олиш” юзасидан ҳам айблади. Ҳукумат янги меҳнат қонунчилигини имзолатиш учун сенаторларни пул билан сотиб олиши юзасидан бошланган тергов жараёнида собиқ президентга ҳам айблов эълон қилинган эди. Бироқ 2013 йилда ўтказилган судда собиқ президент ҳам, бошқа айбланувчилар – бир неча сенаторлар, Аргентина хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари, собиқ меҳнат вазири ва бир неча партия фаоллари ҳам оқланишди. Бироқ халқ уларни оқламади. 2015 йилда аргентиналиклар орасида ўтказилган ижтимоий сўров натижасида Фернандо де ла Руа энг кам (8%) овоз олиб рейтинги энг паст президент номини олди.

Жазолашда Жанубий Кореяга тенг келадиган йўқ

Гарчи Жанубий Америкада президентларни айблаш одатий ҳол бўлса-да, собиқ президентларни коррупцион жиноятлари учун жазолашда Жанубий Корея олдига тушадигани топилмайди. Нисбатан бой ва демократик ушбу давлатда ҳам президентлар нафс ғалаёни олдида кучсиз бўлишар экан. Бу ерда деярли ҳамма президент истеъфога чиққач, барча қилмишлари албатта фош бўлади ва жазога тортилади.

2008-20013 йилларда президентлик қилган Ли Мён Бак устидан ўтказилган суд жараёни айниқса диққатга сазовор. Ли Мён Бак президентлик даврида ўз қариндошларига бизнес юритишда катта имкониятлар берган. Ли Мён Бакни бутун бошли коррупцион тармоқ яратишда порахўрликда айблашган. Жумладан, солиқ тўлашдан қочиш ва акциялар билан ўтказган фирибгарлиги учун қамалган машҳур Samsung компанияси раиси Ли Гон Хи’ни авф этиши учун 6 миллион АҚШ доллари олишда, 700 минг доллар миқдоридаги ҳукумат пулларини ноқонуний ўзлаштиришда, яна бир неча ишлар бўйича 10 миллион миқдорида пора олишда айбланган.

2018 йил 5 октябрда Ли Мён Бак порахўрлик, давлат маблағларини ўзлаштириш, ҳокимиятни суиистеъмол қилишда айбланиб, 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилиниб, 11,5 миллион доллар жарима солинди. 2020 йил 29 октябрда ўтказилган судда эса аввалги инстанция судларининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди, қўшимчасига судланувчининг 5 миллоин доллар пулини мусодара қилиш ҳам белгиланди.

Коррупция ҳақидаги бу суд жараёни Ли Мён Бакнинг бизнесмен тажрибасига эга моҳир президент сифатидаги обрўсига путур етказди. Ўз даврида бу президентни Жанубий Кореяда иқтисодий кўтарилишга сабабчи бўлган давлат арбоби сифатида қаттиқ ҳурмат қилишар эди ахир.

Қирғизистон ҳам рўйхатда бор

Қирғизистон аҳли ҳам ўз президентларининг айбини кечирмайди, ҳайкаллар қўйиб, кўчаларга номини қўймайди.

Қирғизистоннинг шу пайтгача бўлган президентлари қаторида Қурманбек Бакиев ҳам ўзигача бўлган ҳукуматни, аниқроғи Асқар Акаевни барча мавжуд гуноҳларда айблаб, ўз ечимларини таклиф қилиб, ҳокимият тепасига келганди. 2005 йилда рўй берган “лола” инқилоби натижасида хориждан бошпана олган собиқ президент ўрнига келганида у мамлакат бош вазири эди. 2009 йил 23 июлда ўтказилган президентлик сайловларида ҳам 90% овоз олиб, иккинчи муддатга – то 2014 йилгача давлат раҳбари курсисида қолди. Бир сўз билан айтганда халқ қўллови ўша пайтда жуда кучли эди. Бироқ сиёсий мухолифат унга ҳам коррупцияга аралашиш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш каби айбловлар билдирди. 2010 йилда Бакиевнинг истеъфосини сўраб, оммавий халқ намойишлари бўлиб ўтди. Оммавий тартибсизликлар қуролли инқилобга айланиб кетди. Лекин аввалига Бакиев ҳали истеъфога чиқиш нияти йўқлигини билдирди. Бироқ 13 апрел куни ўзи ва оиласига хавфсизлик кафолати берилса, истеъфога чиқиши мумкинлигини айтди. Қозоғистонда туриб, президентликдан воз кечиши ҳақида баёнот берди. 19 апрелда эса у Белорусга кўчиб ўтди. Мамлакат президенти Александр Лукашенко унга сиёсий бошпана берди.

2013 йил 12 февралда Қирғизистонда Бакиев “хизмат ваколатини суиистеъмол қилиш” моддаси бўйича жиноят содир этганликда айбдор деб топилиб, сиртдан 24 йилга қаттиқ тартибли колонияга ҳукм қилинди. 2014 йил 5 апрелда Қурманбек Бакиев британиялик тадбиркор Шон Дейлининг ҳаётига суиқасд уюштирганликда айбланиб, сиртдан 25 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Қурманбек Бакиев 2021 йил июл ойида қидирувга берилган – у Қумтор олтин конини ўзлаштиришдаги коррупцияда айбланган. Шунингдек, суд сиёсатчининг мол-мулкини мусодара қилди ва уни уч йилга давлат лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилди.

2023 йил июнда ўтказилган суд эса Қурманбек Бакиевни “Қумтор” олтин конидаги коррупцияда айблаб, сиртдан 10 йилга озодликдан маҳрум этган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+