platina.uz

Улкан кредитлар, банк ва солиқ муаммолари. Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан учрашди

Айтилишича, 2023 йил олти ойида текширишлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоизга камайган.

Иқтисод
18 август 2023 йил
Улкан кредитлар, банк ва солиқ муаммолари. Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан учрашди

Президент Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди. Унда тадбиркорлар муаммолари, бизнес, солиқ ва кредит каби масалалар кўтарилди.

Айтилишича, 2023 йил олти ойида текширишлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 40 фоизга камайган.

Яъни, тадбиркорлар тўғри ишлаш “сояда ишлашдан” афзал эканини тушуниб етмоқда. Шунинг учун ҳам солиқ ҳисоботларини топшириш ва камерал текшириш натижалари бўйича молиявий жарималар қўллаш бекор қилинди.

Умуман, ўтган бир йилда кичик тадбиркорлар сони 40 мингтага кўпайди, ўрта тадбиркорлар сони 2 мингтага ошиб, 10 мингга етди. Йирик корхоналар сони эса бир йилда 400 тага кўпайиб, 1,5 мингта бўлди.

Берилган енгилликлардан фойдаланиб, бир йилда 155 та корхонанинг йиллик айланмаси 100 миллион доллардан ошди.

Киритилган йиллик хорижий сармоялар ҳажми эса илк бор 10 миллиард долларга етди.

Кичик тадбиркорлар “оёққа туриб олиши” ва фаолиятини кенгайтириши учун мутлақо янги ёндашувлар жорий қилинади.

Бунда, ушбу соҳа вакилларини тадбиркорликка ўқитиш, уларга лойиҳа қилиб бериш, фаолиятини молиялаштириш, маҳсулотларига бозор ва бизнесига шериклар топиш бўйича яхлит эко-тизим яратилади.

Бунинг учун, энг аввало, “Қишлоқ қурилиш банк” “Бизнесни ривожлантириш банки”га айлантирилади. Ушбу янги банкнинг фаолияти ҳам, ишлаш услуби ва молиялаштириш механизмлари ҳам янгича бўлади.

Ҳудудлардаги кичик бизнес марказларида ўқиган тадбиркорларнинг лойиҳаларини энг қулай шартларда молиялаштириш йўлга қўйилади.

Бунда, кичик бизнес лойиҳасининг 10 фоизига тадбиркор инвестиция киритса, 45 фоизига “Бизнесни ривожлантириш банки”нинг ўзи, қолган 45 фоизи учун давлат кўмагида ресурс йўналтирилади.

Кредитлар тадбиркорларга 5-7 йил муддатга имтиёзли шартлар асосида берилади. Ушбу маблағларнинг 150 миллион доллари бўйича кредит линиялари 1 октябрдан очилади.

Ўз бизнесини йўлга қўя олган, “кредит ва солиқ тарихи” тоза бўлган тадбиркорларга фаолиятини янги босқичга олиб чиқиш учун кредит олишда гаров талаби 50 фоизга камайтирилади.

Кичик бизнес марказлари кўмагида лойиҳа ташаббускори ва йирик давлат корхоналари билан кооперация алоқалари ўрнатилади.

Саноатни ривожлантириш жамғармасидан 1 сентябрдан бошлаб:

- янги лойиҳаларни молиялаштириш учун хорижий валютада 5 фоиз, миллий валютада 10 фоиз ставкада 10 йил муддатга кредитлар ажратилади;

- саноат корхоналарига 1 йил муддатгача хорижий валютада 4 фоиз, миллий валютада 10 фоиз ставкада айланма маблағ тақдим этилади. Бунда, олиб келинадиган асбоб-ускуна учун 15 фоизлик аванс тўловлари ҳам жамғарма томонидан кредит қилиб берилади;

- маркетинг, лойиҳалаштириш, хорижий мутахассис жалб қилиш харажатларининг 20 минг долларгача қисмига компенсация тўланади.

Президент янги бозорларга сифатли ва рақобатбардош маҳсулот билан кириш масаласига тўхталди.

“Бир нарсани тўғри тушуниш керак. Биз айрим мамлакатлар каби нефть-газ ресурсларини сотиш ҳисобига юқори иқтисодий ўсишни таъминлай олмаймиз.

Бизнинг “нефтимиз” ҳам, “газимиз” ҳам бу – сиз каби ташаббускор ва ишбилармон тадбиркорлар хом ашёддан яратаётган юқори қийматли ва сифатли маҳсулотлардир”, - деди давлатимиз раҳбари.

Президент шунингдек, содда солиқ маъмурчилиги ва бюрократиясиз қулай муҳит яратиш борасида муҳим ташаббусларни илгари сурди.

1 октябрдан бошлаб, қўшилган қиймат солиғини қайтаришда солиқ узилиши коэффициентини қўллаш амалиёти, яъни “tax gap” бекор қилинади.

Шавкат Мирзиёев тадбиркорларга мурожаат билан ҳам чиқди. Солиқлардан қочиб, ўзининг мажбуриятларини бажармасдан келаётган қўштирноқ ичидаги тадбиркорларга муросасиз бўлиш таъкидланди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+