platina.uz

“Ўзавто” шартномаларни яна очадими?

4 август куни эса монопол компания сип-силлиққина бўлиб, нархларни кўтарган ҳолда яна контрактацияни очгани ҳақиқий аҳволимизни кўрсатди.

Иқтисод
10 август 2023 йил
“Ўзавто” шартномаларни яна очадими?

Халқимиз қатъиятли халқ. Олдига бир мақсад қўйдими – унга эришмай қўймайди! Бундай дейишимизга яққол исбот бор.

“Ўзавтомоторс” деган монопол компания турли баҳонаи сабаб билан халқимиз учун ҳамёнбопроқ бўлган автомашина турларини сотишни тўхтатиб қўйгач, ваҳимага тушган халқ энди бозордаги машиналарга ёпишиб, талашгач, маҳаллий ишлаб чиқарилган автомобиллар нархи кўтарилиб кетди. Ўз олдига мақсад қўйган халқимиз ейиш-ичишидан тийиб бўлса-да, тийинни-тийинга қўшиб кўча нархида ўзимизда ишлаб чиқарилган автомашиналарни сотиб олишга мажбур бўлди.

4 август куни эса монопол компания сип-силлиққина бўлиб, нархларни кўтарган ҳолда яна контрактацияни очгани ҳақиқий аҳволимизни кўрсатди. Яъни монопол компания яна бир бор ўзининг мақсадини – халқни истаган кўйимга сола оламан, қабилидаги муносабатини, халқимиз эса ҳеч қачон ортга қайтмас қайсарлигини кўрсатди, дейиш мумкин.

Монопол компаниянинг “ўзим хон кўланкам майдон”, халқнинг эса “бир кунлик тўй” кайфияти ана шундай хулосаларга сабаб. Негаки монопол ташкилот 2022 йилнинг кузида тўхатилган жараён – Кобальт, Дамас каби ҳамёнбопроқ автомобиллар сотиб олишга шартнома тузиш имкониятини қоғозда икки кун, амалда эса атиги бир кун ва ҳатто бир соатгина халққа тақдим этди, дейиш мумкин.

Энг кулгилиси компания харидоргир оқ ва қора ранглар ўрнига алламбало рангдаги машиналарни таклиф этди.

Монопол компаниянинг утилизация йиғими, солиқ ва божхона тўловларини тўламагани етмагандек, халқ устидан кулиши, уларни уёқдан буёққа овора қилишини кўриш одамда “испанча уят” туйғусини уйғотади. Энг ёмони, бу воқеалар силсиласида яқин 20-30 йил ичида “Ўзавто” монополиясида ҳеч нарса ўзгармаслигини яна бир карра англаш кишини умидсиз қилиб қўяди.

Ҳаммасидан ҳам қизиғи, интернетда пайдо бўлган “шартномалар бозори”да бўлди. “Бир кунлик тўй”да шартномани тузиш “бахтига эришган” одамлар томонидан шартномалар 250 дан 2000 долларгача нарх билан интернетда савдога қўйилди.

Шунча танқид ва таҳлиллардан кейин ҳам чивин чаққанчалик таъсирланмаган, тепса тебранмас бу монопол ташкилот кимнинг соясида сув ичади? Халқнинг эътирозларига, Президентнинг халқни рози қилиш йўлидаги ислоҳотларига ҳам панжа орасидан қарайдиган бу ташкилот кимдан куч олади? Ана шу саволлар ҳар доим жавобсиз ва ҳар гал очиқ қолаверади.

Энг қайноқ савол эса қуйидагича: яна шартнома очиладими? Ушбу саволга жавоб олиш учун компаниянинг халқимиз исталган вақтда мурожаат қилиб жавоб олиш учун эълон қилинган 78 141 7777 телефон рақамларига қўнғироқ қилдик. Гўшакни кўтарган оператор йигит автомобиллар сотиб олиш учун шартномалар бериш тез орада яна қайта бошланиши аммо ҳали аниқ муддатлари номаълумлигини билдирди. Расмий интернет сайтларини кузатиб боришимизни тавсия қилди. Бироқ компания расмий саҳифаларида эса ушбу саволга жавоб бўладиган бирорта маълумот ҳозирча жойланмаган. 4 август санасида 50 000 автомобил учун очилган контрактатция тўхтатилдими-йўқми ёки ҳозирги вазиятда яна бундай имконият бўлиши-бўлмаслиги ҳақида ҳам лом-мим демагани халққа нисбатан қанчалар “хайрихоҳ” муносабатда эканлигини кўрсатади. Яъни ҳаммаси ими-жимида, ҳамма билиши шарт эмас қабилида.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+