"Cold Out" сиропи ўзбекистонликларга хавф солмоқдами? Баёнот берилди
"Cold Out" сиропи “Fourrts Laboratories” (Ҳиндистон) томонидан “Dabilife Pharma” учун ишлаб чиқарилган бўлиб, унинг таркибида токсинлар борлиги қайд этилган.
Ижтимоий тармоқларда ЖССТ томонидан Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган "Cold Out" йўтал ва шамоллашга қарши заҳарли сироп хавфидан огоҳлантириш хабарлари тарқалмоқда. Ушбу йўталга қарши қўлланилувчи дори воситаси ҳақида Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази баёнот берди.
ЖССТ маълумотларига кўра, "Cold Out" сиропи “Fourrts Laboratories” (Ҳиндистон) томонидан “Dabilife Pharma” учун ишлаб чиқарилган бўлиб, унинг таркибида токсинлар борлиги қайд этилган.
Шунингдек, Ҳиндистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мазкур дори воситаси Ироқда ўтказилган алоҳида синовларда сифат талабларига жавоб берамагач, эркин савдодан қайтариб олинган.
Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази Ҳиндистоннинг “Fourrts Laboratories” томонидан ишлаб чиқарилган мазкур дори воситаси Ўзбекистон Республикасида давлат рўйхатидан ўтказилмаганлигини маълум қилиб, ижтимоий тармоқларда тарқалаётган хабарлар юзасидан юртдошларимиз хавотирга тушмасликларини билдиради, дейилади хабарда.
Маълумот учун, “Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ, дори воситаларининг, тиббий буюмларнинг ва тиббий техниканинг тиббиёт амалиётида қўлланилишига, қоида тариқасида, улар давлат рўйхатидан ўтказилгандан кейин рухсат этилади.
Таъкидлаш жоиз, 2023 йил февраль ойидан бошлаб, юртимизда ишлаб чиқарилаётган ва Ўзбекистонга кириб келаётган сироп шаклдаги дори воситалари таркиби диэтиленгликол (ДЭГ) ва этиленгликол (ЭГ) заҳарли моддалари бўйича чуқур текширилиб, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бу борада қатъий назорат ўрнатилган.
Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган "Cold Out" йўтал ва шамоллашга қарши сироп хавфи ҳақида огоҳлантирганди.
2022 йил декабрида Гамбияда 66 бола Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган йўтал сиропи қабул қилиниши ортидан вафот этганди.
Ўзбекистонда ҳам ўтган йили охирида йигирмадан зиёд бола “Aмбронол” ва “ДОК-1 Макс” сироплари истеъмолидан сўнг вафот этганди. Сўнгра, ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқарган Marion Biotech компанияси заҳарли саноат маҳсулотидан фойдалангани аниқланди.