platina.uz

Боласи сиропдан ўлган гамбияликлар ҳинд компаниясини судга берди

Ўзбекистонда ҳам йигирмадан зиёд бола   “Aмбронол” ва “ДОК-1 Макс” сироплари истеъмолидан сўнг вафот этганди. 

Жаҳон
1 июль 2023 йил
Боласи сиропдан ўлган гамбияликлар ҳинд компаниясини судга берди

Гамбияда йўтал сиропи ичиш ортидан вафот этган йигирма нафар боланинг қариндошлари Ҳиндистоннинг Maiden Pharmaceuticals компанияси ҳамда маҳаллий ҳокимиятни судга берди. Бу ҳақда Reuters ёзмоқда.

Ҳали оммага эълон қилинмаган ариза ўтган йили Гамбияда ўткир буйрак етишмовчилигидан вафот этган етмишга яқин чақалоқ ва болалар иши бўйича янги жабҳа очиши кутилмоқда.

Ҳужжат жума куни Гамбия Олий судига тақдим этилди. Унда оилалар ҳар бир бола учун тахминан 250 000 доллар товон пули талаб қилмоқда, бу 20 нафар бола учун тахминан 5 миллион доллар маблағни ташкил этади.

Оилалар, шунингдек, Гамбия Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Наркотик моддаларни назорат қилиш агентлиги ва маҳаллий дистрибютор Atlantic Pharmaceuticals компаниясини судга беришмоқда.

Гамбия суд ҳокимияти вакили даъво аризаси берилганини тасдиқлади. Даъвода кўрсатилган томонларнинг ҳеч бири, шу жумладан Maiden компанияси ОАВнинг сўровларига жавоб бермаган.

“Оилаларнинг бошидан кечирганларини ҳис қилиш учун фарзандли бўлиш шарт эмас. Бу жуда қўрқинчли”, дейди иш бўйича шуғулланаётган бош адвокат Лубна Фараж.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил декабрида Гамбияда 66 бола йўтал сиропи қабул қилиниши ортидан вафот этганди.

Афсуски, бунга ўхшаш воқеалар Ўзбекистон учун ҳам бегона эмас. Ўтган йили охирида йигирмадан зиёд бола “Aмбронол” ва “ДОК-1 Макс” сироплари истеъмолидан сўнг вафот этганди. Сўнгра, ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқарган Marion Biotech компанияси заҳарли саноат маҳсулотидан фойдалангани аниқланди.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+