ЖССТ Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган яна бир сиропдан огоҳлантирмоқда
Сўнгги огоҳлантириш ЖССТ Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган бошқа йўтал сиропларини Гамбия ва Ўзбекистонда болалар ўлими билан боғлаганидан бир неча ой ўтиб пайдо бўлди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Маршалл ороллари ва Микронезияда Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган хавфли йўтал сиропи юки топилганини маълум қилди. Бу ҳақда BBC хабар берди.
ЖССТ Панжоб QP Pharmachem Ltd томонидан ишлаб чиқарилган Guaifenesin TG сиропининг синовдан ўтказилган намуналарида “қабул қилиб бўлмайдиган миқдорда диетилен гликол ва этилен гликол” борлигини таъкидлади.
Таъкидланишича, сироп таркибидаги иккала бирикма ҳам одамлар учун заҳарли ва истеъмол қилинган тақдирда ўлимга олиб келиши мумкин. ЖССТ баёнотида кимдир препарат оқибатида касал бўлган-бўлмаганига аниқлик киритилмаган.
ЖССТнинг мазкур огоҳлантириши Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” йўтал сироплари Гамбия ва Ўзбекистонда болалар ўлимига олиб келганидан кейингиси ҳисобланади.
QP Pharmachem Ltd бошқарув директори Судҳир Пазакнинг айтишича, компания барча тартибга солувчи рухсатларни олгандан кейин 18 346 та сироп партиясини Камбоджага экспорт қилган. У мазкур маҳсулот Маршалл ороллари ва Микронезияга қандай етиб келганини билмаслигини айтди.
“Биз дориларни Тинч океани минтақасига жўнатмаганмиз ва улар у ерда фойдаланиш учун сертификатланмаган. Сироплар Маршалл ороллари ва Микронезияга қандай шароитда етиб келганини билмаймиз”, — деган у.
Пазак унинг компанияси дори-дармонлар партиясини Камбоджага экспорт қилган фирмага қонуний билдиришнома юборганини айтди. ЖССТ баёнотида айтилишича, кўкрак қафасидаги йўтал аломатларини йўқотиш учун ишлатиладиган маҳсулот Австралия дори воситалари бошқармаси, Терапевтик товарлар бошқармаси томонидан синовдан ўтган. Сироп Ҳаряна штатида жойлашган Триллиум Пҳарма томонидан сотилган. Триллиум вакили ва Ҳиндистон ҳукумати мазкур хабарга муносабат билдирмаган.
Баёнотда "кўрсатилган ишлаб чиқарувчи ҳам, сотувчи ҳам ЖССТга ушбу маҳсулотларнинг хавфсизлиги ва сифати бўйича кафолатлар бермаган".
Октябрь ойида ЖССТ глобал огоҳлантиришни эълон қилди ва Maiden Pharmaceuticals томонидан ишлаб чиқарилган тўртта йўтал сиропини Гамбияда буйрак шикастланишидан 66 боланинг ўлими билан боғлади.
Ҳиндистон ҳукумати ҳам, Maiden Pharmaceuticals компанияси ҳам бу айбловларни рад этган эди.