Ёнғинда ҳалок бўлганларга товон пули ажратиш бошланди
Эслатиб ўтамиз, ушбу аянчли ҳодиса 29 июл куни содир бўлганди.

Фарғона шаҳридаги караоке клубда содир бўлган ёнғинда ҳалок бўлганларнинг оилалари учун товон пули ажратилди.
Бу ҳақда Халқ депутатлари Қува тумани кенгаши қарорида маълум қилинган.
Унда маълум қилинишича, Қува туманида истиқомат қилувчи 18 ёшли уч фуқаро (ўғил бола) ёнғин оқибатида ҳалок бўлган, бир нафари (қиз бола) эса шифохонада оғир аҳволда қолмоқда.
Қарор билан уларнинг оилаларига "Саҳоват ва кўмак" жамғармасида шаклланган пул маблағлари ҳисобидан 10 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам кўрсатилади.
Эслатиб ўтамиз, ушбу аянчли ҳодиса 29 июл куни содир бўлганди. Унда олти киши вафот этган ва етти киши жабрланган.
Шунингдек, ҳодиса сабаб вилоят ҳокимининг фармони чиқарилди, у барча шаҳар ва туманларда ёнғин хавфсизлигига қарши тартибни кучайтиришни назарда тутади.