Индонезияда қўлга олинган ўзбекистонликлар қочишга уринди, қурбонлар бор
Ўзбекистонликлар март ойида Абу-Даби ва Куала-Лумпур орқали Индонезияга келган.
Индонезияда терроризмда гумонланиб қўлга олинган ўзбекистонликлар қамоқдан қочишга уринди ва полиция билан тўқнашди. Бу ҳақда The Strait Times нашри эълон қилган мақолада айтилади.
Тўрт нафар ўзбекистонлик шу йилнинг баҳорида ушланган ва қамалганди. Улар "ал-Қоида"га алоқадор "Катиба тавҳид вал жиҳод" гуруҳига алоқадорликда гумонланган.
Мақолада айтилишича, уч киши қочишга уринган, натижада тўқнашувда уч нафар полициячи жабрланган, бир нафари ҳалок бўлган. Айбланувчиларнинг эса биттаси қурбон бўлган, иккитаси эса турмага қайтарилган.
"Уларнинг ҳалокатли қочишга уриниши Жануби-шарқий Осиё радикаллашув муаммосига нисбатан нақадар заифлигини кўрсатади" — дейилади мақолада.
Ўзбекистонликлар март ойида Абу-Даби ва Куала-Лумпур орқали Индонезияга келган. Уларнинг уч нафарига бевосита террор ташкилотларига алоқадорлик айблови, бирига эса сохта ҳужжатлар тайёрлаб, ёрдам бериш айби қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, май ойи охирида Индонезиянинг Бали полицияси гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланаётган 7 кишини ҳибсга олган, улар ичида ўзбекистонликлар ҳам қайд этилганди.