Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони валиаҳди билан учрашди
Валиаҳд Шавкат Мирзиёевни бўлиб ўтган Президент сайловидаги ғалабаси билан табриклади.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 19 июль куни Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши ва Марказий Осиё мамлакатлари етакчиларининг биринчи саммити доирасида Саудия Арабистони Подшоҳлиги Валиаҳди, Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд билан учрашув ўтказди.
Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Валиаҳд Шавкат Мирзиёевни бўлиб ўтган Президент сайловидаги ғалабаси билан дилдан қутлаб, Ўзбекистоннинг кўп миллатли халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилади.
Шавкат Мирзиёев, ўз навбатида, Саудия Арабистони раҳбариятига Ўзбекистон фуқаролари ҳаж ва умра амалларини адо этишларига яратилган шароитлар учун самимий миннатдорлик билдирди.
Музокараларда Ўзбекистон-Саудия муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Ўтган йилнинг август ойида ўтган икки томонлама саммит давомида қабул қилинган битим ва келишувларни сўзсиз амалга ошириш муҳимлиги таъкидланди.
Жорий йил бошидан товар айирбошлаш ҳажми 20 фоизга, қўшма корхоналар сони икки баробарга ошди. Етакчи “Acwa Power” компанияси иштирокида “яшил” энергетикада муҳим лойиҳаларни амалга ошириш бошланди. “Яшил водород”, нефть-кимё, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тиббиёт, туризм ва бошқа тармоқларда йирик инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилмоқда.
Учрашувда халқаро сиёсат масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди, дейилади хабарда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига амалий ташрифини якунлади ва Тошкентга жўнаб кетди.