Ўзбекистон Ар-Риёд аэропортига қилинган ҳужумни қоралади
ТИВ бундай ҳужумларни зудлик билан тўхтатишга чақирди ҳамда барча томонларни вазминлик кўрсатишга, кескинликнинг янада авж олишига йўл қўймасликка, келишмовчиликларни халқаро ҳуқуқ нормалари асосида ҳал этишга даъват этди.

Ўзбекистон ТИВ Ар-Риёд аэропортига қилинган ҳужумни қоралади.
Айтилишича, Ташқи ишлар вазирлиги Ар-Риёд шаҳридаги Подшоҳ Холид номидаги халқаро аэропортга ҳусийлар томонидан амалга оширилган, бегуноҳ инсонларнинг ҳалок бўлиши ва тинч аҳоли вакилларининг жароҳатланишига олиб келган мудҳиш ҳужумдан чуқур қайғуда эканини билдирган ва ушбу ҳужумни қатъий қоралайди.
"Ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирамиз, ушбу фожиали воқеа оқибатида жабрланганларга чуқур ҳамдардлик изҳор этамиз.
Жароҳат олганларнинг тезроқ ва тўлиқ соғайиб кетишини тилаймиз. Шунингдек, Саудия Арабистони Подшоҳлигининг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини қатъий қўллаб-қувватлашимизни яна бир бор тасдиқлаймиз", дейилади баёнотда.
Тинч аҳоли ва фуқаролик инфратузилмаси объектларига ҳужумлар халқаро ҳуқуқ нормаларининг жиддий бузилиши ҳисобланади ва бундай ҳаракатлар зудлик билан тўхтатилиши шарт. Тинч аҳоли ҳаётини ҳимоя қилиш ва муҳим инфратузилма объектлари хавфсизлигини таъминлаш сўзсиз устувор вазифа бўлиб қолиши лозим.
ТИВ бундай ҳужумларни зудлик билан тўхтатишга чақирди ҳамда барча томонларни вазминлик кўрсатишга, кескинликнинг янада авж олишига йўл қўймасликка, келишмовчиликларни халқаро ҳуқуқ нормалари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми тамойилларига мувофиқ, мулоқот ва дипломатик воситалар орқали ҳал этишга қатъий даъват этди.
Ўзбекистон Саудия Арабистони Подшоҳлиги халқи ва Ҳукумати билан бирдамлигини изҳор этди ҳамда минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга содиқлигини яна бир бор тасдиқлади.





