"Бутун дунё инвесторлар билан ишлашни ва инвестицияларни жалб қилишни сиздан ўрганиши керак"
“ACWA Power” компанияси раиси ва “Vision Invest” компанияси директорлар кенгаши аъзоси Муҳаммад Абунаян Шавкат Мирзиёев ҳақида фикр билдирди.

Энергетика соҳасидаги объектлар ва йирик лойиҳаларни ишга туширишга бағишланган тантанали маросимда “ACWA Power” компанияси раиси ва “Vision Invest” компанияси директорлар кенгаши аъзоси Муҳаммад Абунаян сўзга чиқиб, Президент Шавкат Мирзиёевнинг оқилона сиёсатини, инвесторлар учун яратиб бераётган имкониятларини ҳамда халқ фаровонлиги йўлида амалга ошираётган ишларини юксак баҳолади.
“Президент жаноби олийлари, сиз инвесторларга миннатдорлик билдирманг, аксинча, уларнинг барчаси сизга раҳмат айтиши керак. Сиз инвесторларнинг муваффақиятли фаолият юритиши учун ўзига хос муҳит яратдингиз. Биз сармоя киритаётган лойиҳалар доимо сизнинг кўмагингиз билан амалга оширилади. Бунинг учун барча инвесторлар сизга миннатдорлик билдиради.
Бугунги кунда энергетика соҳасида амалга оширилаётган ва бугун ишга тушириладиган лойиҳалар сиз ва ҳукуматингиз томонидан энергетика соҳасидаги ислоҳотларга катта эътибор қаратилаётганининг бевосита исботидир. Ҳар бир инвестор сизнинг қўллаб-қувватлашингизни доимо ҳис қилади.
Президент жаноби олийлари, бутун дунё инвесторлар билан ишлашни ва инвестицияларни жалб қилишни сиздан ўрганиши керак. Бу нафақат энергетика соҳасидаги лойиҳаларга, балки барча тармоқларга, мамлакатлар иқтисодиётининг бошқа соҳаларига тааллуқлидир.
Муҳтарам Президент жаноби олийлари, сиз амалга ошираётган ишларнинг натижалари билан муқаддас Ўзбекистон заминида яшаётган бутун халқ фахрланиши керак. Чунки ҳамма раҳбарлар ҳам, ҳамма давлатлар ҳам бундай натижаларни таъминлашга, бундай чуқур ислоҳотларни амалга оширишга қодир эмас", деди Абунаян.
У 8 йил давомида энергия давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий кўрсаткичи эканини таъкидлади.
"Янги Ўзбекистоннинг асосий энергия манбаи - бу сиз, ҳурматли Президент! Сиз илҳом манбаи бўлиб бутун халққа ўрнак бўлиб келяпсиз. Сиз ўз кучингиз, билимингиз ва ғайратингизни аямайсиз. Сиз нафақат ўз халқингизни, балки бошқа мамлакатлардаги ҳамкасбларингизни ҳам шундай глобал ислоҳотларни бошлашга илҳомлантиряпсиз.
Мана шу 8-10 йил ичида сиз қилган ишлар, эришилган натижалар, тарих саҳифаларига муҳрланди. Улар Ўзбекистон солномасига зарҳал ҳарфлар билан ёзилади. Албатта, биз Ўзбекистон билан ҳамкорликда ишлашни давом эттиришга ҳамиша тайёрмиз ва бу биз учун катта шарафдир", деди инвестор.
Унинг таъкидлашича, Саудия Арабистонининг етакчи компаниялари ва инвесторлари Ўзбекистонга келиб, лойиҳаларда иштирок этишга тайёр.
"Мен жуда кўп хорижий мамлакатларда бўламан ва ҳар доим, ҳар қандай минбардан Ўзбекистонни мисол қиламан. Ўзбекистонга боринг, у мамлакатда яратилган сармоявий муҳит билан албатта танишинг, дейман.
Мен Ўзбекистонга ёрқин келажак тилайман! Доимо дуо қиламиз, узоқ умр кўринг, токи сиз ва Ўзбекистондан таралаётган энергия дунёнинг барча мамлакатларига таралиб турсин", деди Абунаян.