Таиландда Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди
Гумонланувчиларга одам савдоси ва фоҳишалик қилишга мажбурлаш айби қўйилган.
7 июл куни Таиланд полицияси Бангкок аэропортида ўз ватандошларини фоҳишаликка мажбурлаган Ўзбекистон фуқаросини қўлга олди. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ хабар бермоқда.
32 ёшли Наврўзбек Ташрипов Суварнабҳуми аэропортида унга нисбатан суд ҳукми чиқарилгандан сўнг мамлакатни тарк этишга уринганида ҳибсга олинган. Полицияга кўра, у жабрланувчиларнинг NightLight International ва Operation Underground Railroad каби жинсий қуллик савдосига қарши курашувчи ташкилотларга мурожаатидан сўнг ушланган.
Гумонланувчи ва унинг шериклари ўзбекистонлик аёлларни Патайя шаҳридаги ресторанда ошпаз ёрдамчиси сифатида ишлатишини айтиб йўлкира ва виза тўғирлаб берган, аммо кейин уларни фоҳишаликка мажбурлагани айтилмоқда.
Aёллар 175 минг бат (тахминан 5 минг доллар) қарзини тўлаш учун кечки соат 18.00 дан эрталабки 6.00 гача ишлашга мажбур бўлган ва уларга ўлим таҳдиди ҳам қилинган.
Жиноий гуруҳга алоқадор яна икки Ўзбекистон фуқароси ва бошқа жабрланувчилар мамлакатни тарк этиб, Баҳрайнга кетишга муваффақ бўлган, дея хабар беради полиция.
Гумонланувчиларга одам савдоси ва фоҳишалик қилишга мажбурлаш айби қўйилган.