platina.uz

Йирик миқдордаги сигаретлар ёқиб юборилди

Йўқ қилинган тамаки маҳсулотлари Тошкент шаҳар Миробод туманидаги хонадонлардан биридан топилган бўлиб, 140 дан зиёд турда, умумий қиймати қарийб 3,5 млрд. сўмни ташкил этади.

Иқтисод
6 июль 2023 йил
Йирик миқдордаги сигаретлар ёқиб юборилди

Бугун пойтахтимизнинг Янгиҳаёт туманидаги заводлардан бирида давлат божхона хизмати органлари томонидан ноқонуний муомаладан олиб қўйилган ана шундай контрафакт товарлардан бири - тамаки маҳсулотларининг йирик партияси кенг жамоатчилик иштирокида ёндириб ташланди.

Бугун йўқ қилинган тамаки маҳсулотлари Тошкент шаҳар Миробод туманидаги хонадонлардан биридан топилган. Жорий йилнинг 22 февраль куни Тошкент вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар вакиллари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда бу хонадонда хорижда ишлаб чиқарилган ва ноқонуний йўллар билан олиб кирилган 140 дан зиёд турдаги, умумий қиймати қарийб 3,5 млрд. сўмлик 228144 қути тамаки маҳсулотлари қонунга хилоф тарзда сақланаётгани аниқланган.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1861-моддасига кўра, мазкур ҳолатга жиноят иши очилиб, тегишли тергов-суриштирув ишлари якунлангач, бу қонунбузарлик 15 июнда Жиноят ишлари бўйича Миробод тумани судида кўриб чиқилди. Суднинг жорий йилнинг хукмига кўра, жиноят иши бўйича ашёвий далил тариқасида олинган мазкур тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш белгиланди.

Юқорида айтиб ўтганимиздек, контрафакт тамаки чегарадаги ёки авиа- ёки темир йўл вокзалларидаги божхона постларида ушлаб қолинмаган. Улар пойтахтдаги хонадондан топилган. Хўш, чегараларимиз мустаҳкам деб ғурурланиб юрган одам буни қандай тушуниши керак? Ёки божхона ходимларининг ҳушёрлиги сустми?

Божхона қўмитаси масъул ходимларининг таъкидлашича, бу маҳсулотлар қўшни давлатлардан расмий назорат-ўтказиш постлари орқали эмас, балки айланма йўллар билан келтирилган. Масалан, дарёдан оқиздирилиб, ҳайвонлар ва қушларга боғлаб қўйиб, ер ости йўллари қазилиб ва бошқа йўллар билан яширинча келтирилади. Қўшни давлатлар билан чегараларимизнинг айрим қисмларининг географик ўзига хосликлари афсуски, бундай ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун имкон яратмоқда. Шундай бўлса-да, божхона ходимлари огоҳликни қўлдан беришгани йўқ.

2023 йилнинг 6 ойида божхона органлари томонидан 155 та ҳуқуқбузарлик ҳолатларида 37,5 млрд. сўмлик 1 млн. 610 минг қути сигарет товарларининг ноқонуний реализациясига чек қўйилган.

Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатлари юзасидан божхона органлари томонидан 53 та ҳолатда жиноят ишлари қўзғатилган, шунингдек 90 та ҳолатда маъмурий ишлар юритилиб кўриб чиқиш учун судларга юборилган.

Таҳлилларга кўра, республикамиз ҳудудига тамаки маҳсулотларини асосан Туркия, Россия, БАА, Тожикистон, Қирғизистон ва бошқа давлатлардан ноқонуний тарзда олиб киришга уринилмоқда.

Ички ҳудудлар кесимида таҳлил қилинса, аниқланаётган энг кўп ноқонуний сигарет маҳсулотлари Наманган, Фарғона вилоятлари, Тошкент шаҳри, Тошкент ва Қашқадарё вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Ҳуқуқбузарлик ашёси сифатида олинган сигаретларнинг асосий қисмини “Милано”, “Эссе”, “Монд”, “Кавалло”, “Парламент”, “Хеетс”, “Марлборо” каби сигаретлар ташкил қилмоқда.

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+