platina.uz

Марказий Осиёда сув инқирози аллақачон бошлангани айтилди

Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, агар ҳозирги тенденциялар давом этса, қурғоқчилик келишмовчиликлар ва катта миграция оқимига олиб келиши мумкин.

Жамият
3 июль 2023 йил
Марказий Осиёда сув инқирози аллақачон бошлангани айтилди

Марказий Осиё аллақачон жиддий сув муаммосига юз тутмоқда. Минтақанинг бир қанча пойтахтлари аллақачон ичимлик суви танқислигини бошдан кечирмоқда, машҳур тоғли Иссиқкўл эса саёзлашмоқда, деб ёзади Россиянинг “Известия” газетаси.

Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, агар ҳозирги тенденциялар давом этса, қурғоқчилик келишмовчиликлар ва катта миграция оқимига олиб келиши мумкин.

Масалан, Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳрида бир ярим ойдан бери қурғоқчилик давом этмоқда. Май ойининг ўрталаридан бошлаб шаҳарнинг жанубий туманлари ва яқин атрофдаги қишлоқларда жадвал бўйича сув берила бошланди. Маҳаллий ҳокимият идоралари барқарор сув таъминоти учун сувни тежаш мақсадида хусусий ҳаммомлар, автоювиш жойлари, сузиш ҳавзалари ва ҳатто гилам ювиш жойларини ёпдилар.

Бироқ аҳоли сувнинг кескин танқислиги ва баъзан жўмраклардан келадиган сувнинг сифатсизлигидан шикоят қилади. Оқибатда аҳоли вазиятга норозилик билдириш учун икки марта кўчага чиқди.

Сув таъминоти билан боғлиқ шунга ўхшаш муаммолар Қозоғистон пойтахти Остонада ҳам пайдо бўлган. Шаҳарда сувни узиш жадвали жорий этилди, ресурслар етишмаслиги сабабли сув таъминотидаги босим камайди. Aҳоли гигиена муаммолари, ҳожатхонадан фойдаланишдаги чекловлар ва берилаётган сув сифати ҳақида шикоят қилди.

Шу каби муаммолар минтақанинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам кузатилган, бу ерда аҳоли сув таъминотида чекловлар ва қувурлардаги сув босими паст. Бунга қудуқларнинг қуриши ва аҳоли сонининг кўпайиши сабаб бўлди, дейилади нашрда.

Мақолага кўра, минтақанинг энг кўп аҳоли яшайдиган шаҳри — Тошкент ҳам муаммодан четда эмас. Электр муаммоси баъзи жойларда сув муаммосини келтириб чиқармоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон Сирдарёдан фойдаланиш бўйича шартномани қайта кўриб чиқиши ҳақида хабар берилганди. Амударёда қурилаётган Қўштепа канали ҳам сув муаммоси таҳдидини кучайтирмоқда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+