platina.uz

40 даража иссиқда кўчада сотилаётган егуликлар сифатига кафолат йўқ! – Суриштирув

Platina.uz нашри муддати ўтган маҳсулотлар, товарлар, сифатсиз хизматлар бўйича янги лойиҳа бошлади. Биринчи манзил Тошкент шаҳри Чилонзор тумани.

Мақола
16 июнь 2023 йил

Ёз мавсуми келиб, кунлар исиши билан яхна ичимликларга бўлган талаб янада ортиши табиий. Бу борада қўлбола усулда тайёрланиб, кўча-кўйда сотилаётган ичимликларнинг ҳаммасини ҳам “СЭС”чилар (Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси) ходимлари назоратга олган, деб аниқ айта олмаймиз. Нафақат айрон, ўрик шарбати, морс ва шунга ўхшаш яхна ичимликлар, балки турли егуликлар маҳсулотлари ҳам бундан мустасно эмас.

Истеъмолчилардан келиб тушаётган талаб ва таклифларни инобатга олган ҳолда Platina.uz жамоаси пойтахтимизнинг Чилонзор туманидаги Олмазор метро бекати яқинида сифатсиз, санитария қоидаларига масъул мутасаддилар иштирокида ўрганиш ишларини олиб борди.

Камера объективини дастлаб шарбат сотаётган болага қаратдик. Аммо бизнинг муддаомизни англагач, сотувчи бола бир “думалаб” харидорга айланиб қолди. Савдо растасига ким раҳбарлик қилаётгани ҳақида сўраганимизда, барча сотувчилар ўзини четга олди. Аммо шарбат сотилаётган идишни олиб кетиб, қонуний чора кўрилиши ҳақида айтилгач, уларнинг “боши” бўлган тадбиркорнинг ўзи қаршимизга чиқди.

Текширувлар натижасида аниқ бўлдики, сотувчиларнинг аксарида тегишли ҳужжатлар мавжуд эмас, хизмат кўрсатаётган ходимнинг тиббий кўрикдан ўтгани ҳақидаги ҳужжат уёқда турсин, белгиланган махсус форма ҳам киймаган.

Санитария талабларига умуман жавоб бермайдиган ошхонада пиширилаётган бўғирсоқ(пирожки)лар ён-атроф чанг бўлишига қарамасдан, очиқ ҳолда сотувга қўйилгани, энг ачинарлиси, харидорлар кўра-била туриб шу маҳсулотларни тановул қилиши ўзларининг саломатлигига бефарқ эканидан далолат!

Жамоамиз билан манзилдаги фақат бир нечта ноқонуний ҳолатларга гувоҳ бўлдик, холос. Аммо "Олмазор" метро бекати атрофида тартибга солинмаган сотувчилар талайгина.

Масаланинг иккинчи тарафи эса тирикчилик ғамида савдога чиқиб, белгиланган талабларга риоя қилмасдан фаолият юритаётган сотувчилар ўз вақтида тегишли мутасаддилар томонидан рўйхатдан ўтказилиб, тартибга солинмагани билан ҳам боғлиқ. Бу масалада эса ҳолат масъулидан изоҳ олдик.

Мурод Муҳаммадқулов, Тошкент шаҳар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси Чилонзор тумани бўлими санитар врачи:

— Нафақат бизнинг санитар ходимларимиз, балки солиқ инспекцияси, ички ишлар ходимлари ҳамкорлигида ҳар доим рейд тадбирлари айнан шу манзилда ўтказилиб, сотувчилар тартибга солиб турилади. Бироқ бу жараённи домий назорат қилиб туриш жуда қийин. Бу бўйича биз раҳбариятга таклиф киритганмиз ва тез фурсатларда санитар талабларга жавоб бермайдиган истеъмол маҳсулотларининг олдини оламиз.

Масъул ходимнинг айнан шу жойда назорат тадбирлари тез-тез бўлиб туриши ҳақидаги сўзлари ҳақиқат бўлиши мумкин, бироқ доимий рейд ўтказиб туриладиган манзилда аллақачон санитария талабларига риоя этилиши таъминланиши керакмасмиди?

Масъул томонидан тегишли ташкилот ходимларидан таркиб топган гуруҳ доимий иш олиб бориши ушбу муаммога ечим сифатида келтирилди.

Шу ўринда савол туғилади: балки бундай бетартиб ва талабга жавоб бермас савдолар орқали "кимлардир" манфаат кўраётган бўлиши ҳам мумкин?

Тайёрлаш жараёнининг ўзиёқ иштаҳани бўғадиган арзон-гаров овқатлар, назорат штамплари кўчган бочкаларда сотилаётган турли чанқоқбосди ичимликлару, санитар ҳолатларга умуман жавоб бермайдиган кўчма овқатланиш шохобчаларидаги маҳсулотлар истеъмоли сабаб овқатдан заҳарланиш, ботулизм ва шу каби ўткир ичак касалликлари қурбонлари сони ортишини кутиш керак эмас. Шунчаки сифатсиз истеъмол маҳсулотлари ортидан пул ишлашни мақсад қилган бир нечта "савдогар"ларни ҳамма учун баробар саналган қонун-қоидаларда белгиланган жавобгарликка тортиш кифоя.

Тошкент шаҳар ИИББ ЖТСБ карантин тадбирларини таъминлаш гуруҳи ходимлари томонидан фуқароларнинг соғлигига хавф туғдириши мумкин бўлган маҳсулотлар савдосига чек қўйиш борасида бир қанча сотувчиларга тушунча берилди. Эндиликда белгиланган талабларга мос, мавжуд камчиликларни бартараф этган савдо шохобчаларигина фаолият юритиши мумкинлиги маълум қилинди.

Ушбу рейд тадбирлари орқали кимнингдир ризқига болта урмоқчи эмасмиз. Аксинча тадбиркорлик фаолиятини олиб бормоқчи бўлган фуқароларга жараённи қонунийлаштиришлари ҳақида огоҳлантириб, сотаётган маҳсулотлари орқали кимларнингдир саломатлигини хавф остига қўймасликлари ҳақида эслатиб ўтдик, холос.

Тўғри-да, ахир сиз уст-бош, кийим-кечак эмас, балки инсонлар ичадиган ичимлик ёки егулик савдоси билан шуғулланмоқдасиз. Шундай экан, бу борадаги белгиланган талабларга қатъий риоя қилиш ўта зарур ва шарт.

Platina.uz айни шу манзилдаги ўзгаришни кузатиб боради ва пойтахтнинг бошқа нуқталарида ҳам суриштирув ўтказиб, мавзуга яна қайтади.

Аббос Имомов тайёрлади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+