Сифатсиз маҳсулотлардан пул ишлаш тартиби қандай?
Platina.uz кўпчиликни қизиқтирган бу савол ҳақида мутахассисдан батафсил жавоб олди.
Йилдан-йилга ҳамюртларимиз томонидан истеъмол маҳсулотларининг сифатига бўлган талаб анча ортмоқда. Тан олиб айтиш керак, бугунги одамларнинг дунёқараши, ўзларининг ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилиш салоҳияти ортган. Аммо бу ҳолатни баъзилар тушуниб, яна айримлар тушунмай, мустақил амалга оширмоқда. Оқибатда савдо ва хизмат кўрсатувчилар ҳамда истеъмолчилар ўртасида низоли ҳолатлар ҳам кузатилаётгани бор гап. Яқинда кўп муҳокамаларга сабаб бўлган "Активист" воқеаси ҳам бунга яққол мисол.
Аммо бу ҳолатларнинг олдини олиш ва жараённи янада тартибга солиш учун президентнинг “Аҳолини сифатли истеъмол товарлари билан таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–110-сонли қарор қабул қилинди.
Қарорга кўра, истеъмолчилар ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган маҳсулотларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ қилмиш учун жавобгарлик кучайтириладиган бўлди. Шунингдек, контрафакт ва сифатсиз маҳсулотлар ҳақида хабар бериш тизими жорий қилиниши ва бундай ноқонуний ҳаракатлардан бохабар қилган истеъмолчилар рағбатлантирилиши белгиланди. Бу тизим қандай ишлайди? Platina.uz кўпчиликни қизиқтирган бу савол ҳақида мутахассисдан батафсил жавоб олди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси бўлим бошлиғи Абдураҳмон Рауповнинг таъкидлашича, ҳар бир истеъмолчи ўзига кўрсатиладиган хизмат ёки харид қилиб олаётган ҳар қандай маҳсулот ҳақида тўлиқ, тушунарли, аниқ ва тўғри маълумот олиш ҳуқуқига эга. Бу жиҳат қонунчилигимизда қатъий белгилаб қўйилган.
“Аҳолини сифатли истеъмол товарлари билан таъминлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–110-сонли қарорига кўра, истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, сертификатланмаган, сақлаш муддати ўтиб кетган, контрафакт ва истеъмолга яроқсиз товарларни ишлаб чиқариш ҳолатлари ҳамда уларнинг айланмасига чек қўйишда жамоатчилик назорати кучайтирилади. Жумладан:
- мурожаатлар ягона ахборот тизими орқали қабул қилинади ва улар ваколатли органлар томонидан қисқа муддатларда кўриб чиқилади;
- ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахслар рағбатлантирилади.
Аниқланган камчиликлар бўйича маъмурий баённома расмийлаштирилиб, судни қарори чиқарилгандан кейин қўлланган жаримадан 20 фоизи хабар берган истеъмолчиларга рағбат сифатида тўлаб бериш жорий этилмоқда.
Хабар бериш тартиби ҳақида тушунтирадиган бўлсам, “Солиқ ҳамкор” иловаси мавжуд бўлиб, унда истеъмолчилар шу кунгача ҳам тадбиркорлик субъектларининг QR кодли чекларни бермаслик, пластикка савдо қилмаслик ҳолатлари бўйича мурожаат йўллаш имкониятига эга эди. Мазкур платформа орқали истеъмолчилардан хабарларни қабул қилиш тизимини йўлга қўймоқдамиз.
Бунда савдо объектининг жойи, маҳсулотнинг харид қилинган чеки ва бошқа бир қанча фактлар сўралади. Тизимга жойланадиган барча маълумотлар аниқ бўлса, платформа орқали автоматик тарзда бизнинг қўмитамизга мурожаат қабул қилинади ва бу бўйича (суд қароридан сўнг) жавобгарликка тортилган тадбиркорлардан ундирилган жариманинг бир қисми мурожаат йўллаган фуқарога рағбат сифатида берилади.
Аббос Имомов