platina.uz

26 туп дарахтнинг ёппасига кесилишига ким айбдор?

Platina.uz мухбири воқеа жойида бўлиб мактаб маъмуриятидан изоҳ олишга ҳаракат қилди.

Жамият
8 июнь 2023 йил
26 туп дарахтнинг ёппасига кесилишига ким айбдор?

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманидаги 171-мактабнинг дарахтлари кесилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Platina.uz воқеа жойида бўлиб, ҳолатни ўрганди.

Аниқланишича, воқеа 11 кун аввал, яъни жорий йил 28 май якшанба куни Мирзо Улуғбек номидаги ихтисослаштирилган мактаб (МУИМ) ҳудудида содир бўлган.

Мактабда ўрнатилган видеокамера тасвирларига кўра, дарахтлар мактаб ҳудудига туташ гараж хўжалиги вакили томонидан кесилган.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги мутасаддилари ушбу ҳолат Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлиги ҳамда Экология бошқармаси ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан ўрганилаётганини маълум қилишди.

Фото: "Platina.uz" / Фазилат Мирзааҳмадова

Platina.uz мухбири воқеа жойида бўлиб мактаб маъмуриятидан изоҳ олишга ҳаракат қилди.

Нодира Мирхаджаева, МУИМ директори:

Ёнимиздаги гараж эгаси фуқаро Анатолий Страшков мактабимиз қоровулига мендан рухсат олганини, дарахт шохларини буталаш мақсадида келганини айтиб, мактаб ҳудудига кирган ва дарахтларни кесиб ташлаган. Бундан менинг ҳам, мактабдаги бошқа ходимларнинг ҳам хабари йўқ эди. Мен дарахт сотиб, пул ишлайдиган ўқитувчи эмасман, дарахтни кестириш ва уни сотиш менга ҳеч қандай манфаат бермайди.

Қолаверса, бу фуқаро билан бўлган ўзаро низо бундан олдин, хусусан, 2016, 2019-йилларда ҳам содир бўлган. Аммо у пайтда "дарахтларни буталадим, сизларга ҳам дарахтларни тартибли қилишда ёрдам беряпман", деб вазиятдан чиқиб кетарди. Бироқ бу сафаргиси ҳаммасидан ошиб тушди ва аянчли бўлди.

Ўйлайманки, унга тегишли ташкилотлар томонидан қонуний чора кўрилади.

Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлигининг маълум қилишича, ҳозирда мутахассислар томонидан етказилган зарар ўрганилмоқда.

Фото: "Platina.uz" / Фазилат Мирзааҳмадова

Суриштирувимиз давомида маълум бўлдики, мактаб ҳудудида 26 туп гледичия навли манзарали дарахтлар кесилган. Аммо улар орасида биргина (суратда) манзарали дарахт омон қолган.

Фото: "Platina.uz" / Фазилат Мирзааҳмадова

Маълумот учун: Шавкат Мирзиёев 2021 йил 31 декабрь куни “Республикада кўкаламзорлаштириш ишларини жадаллаштириш, дарахтлар муҳофазасини янада самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги имзолаган фармон талабларига кўра, давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилган. Шунингдек, ҳуқуқбузарларга мораторий талабларини бузганлик учун маъмурий жарималар миқдори беш бараварга, дарахтлар ва буталарни ноқонуний кесиш ва шикастлантириш билан ўсимлик дунёсига етказилган зарар учун ундириш суммалари икки бараварга оширилган ҳолда қўлланилиши белгиланган.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+