Шавкат Мирзиёев Италияга етиб борди
Ташрифнинг асосий воқеалари 8-9 июнь кунлари бўлиб ўтади.
Бугун президент Шавкат Мирзиёев Италияга етиб борди. Уни халқаро аэропортда Италия мудофаа вазири Гвидо Крозетто кутиб олди.
Шу тариқа Мирзиёев ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди. Ташрифнинг асосий воқеалари 8-9 июнь кунлари бўлиб ўтади.
Хусусан, Рим шаҳрида Шавкат Мирзиёев президент Сержо Маттаррелла ва бош вазир Жоржа Мелони билан музокаралар ўтказади.
Бош қароргоҳи Италия пойтахтида жойлашган Бирлашган Миллатлар Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти бош директори Цюй Дунъюй билан учрашув ўтказади. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилиниши режалаштирилган.
Ташрифнинг ишбилармонлик дастури Милан шаҳрида бўлиб ўтади — Ўзбекистон президенти Ломбардия провинцияси губернаторини қабул қилади ҳамда Италиянинг етакчи компания ва ташкилотлари раҳбарлари билан учрашув ўтказади.