Самарқандда АҚШга юборишини айтиб, фуқародан 10 минг доллар олган шахс ушланди
У Мексика орқали АҚШга жўнатиши эвазига 30 минг доллар пул талаб қилиб, ҳужжатларни расмийлаштириш учун эса олдиндан 10 минг доллар олган вақтида қўлга олинган.
Самарқанд вилоятида фуқароларни ноқонуний йўллар билан АҚШга юбориш билан шуғулланиб келган шахс қўлга олинди. Бу ҳақда вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 22 ёшли фуқаро ИИБга ариза билан мурожаат қилиб, Самарқанд шаҳрида яшовчи шахс фирибгарлик йўли билан ноқонуний равишда АҚШга жўнатиш ишлари билан шуғулланишини маълум қилган. У дастлаб Европа орқали Мексикага, у ердан эса АҚШ ҳудудига олиб ўтиш учун 30 минг АҚШ доллари, ҳужжатларни расмийлаштириш учун эса олдиндан 10 минг АҚШ долларини талаб қилганини билдиради.
Самарқанд вилоят ИИБ тезкор-қидирув хизмати жиноят-қидирув бошқармаси Уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан ўтказган тадбир давомида ушбу шахс аризачидан 10 минг доллар олаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.