platina.uz

Коррупция агентлиги Озодбек Назарбековнинг ноқонуний ҳаракатини хаспўшламоқчими?

Амалдорнинг халқдан йиғилган солиқ, ер ости ва ер усти бойликлари ҳисобига яхши ҳаёт кечириб, халққа кутилган даражада хизмат қилмаслиги эса айни нонкўрликдир. Бу худди сени одам деб олдинга дастурхон ёзиб, нон берган мезбоннинг дастурхонига оёқ қўйиш, юзига тупуришдек гап.

Мақола
28 май 2023 йил
Коррупция агентлиги Озодбек Назарбековнинг ноқонуний ҳаракатини хаспўшламоқчими?

Давлат идораларида ишлаш имтиёз эмас, аввало масъулиятдир. Халқ пулига ёлланган хизматчи фақат ўзига юклатилган ишни қилишга масъул. Ўзига маош бераётган халққа ҳурматсизлик қилишга ҳаққи йўқ.

Амалдорнинг халқдан йиғилган солиқ, ер ости ва ер усти бойликлари ҳисобига яхши ҳаёт кечириб, халққа кутилган даражада хизмат қилмаслиги эса айни нонкўрликдир. Бу худди сени одам деб олдинга дастурхон ёзиб, нон берган мезбоннинг дастурхонига оёқ қўйиш, юзига тупуришдек гап.

Давлат хизматчиси бўлиш фақат имтиёз эмас. Бу имтиёзлар унга вазифасини яхшироқ адо этиши учун берилган аслида. Лекин айрим амалдорлар “ўзим шунга лойиқман, лаганбардорликка усталигим учун шунча ҳурмат ва имтиёзга эришдим”, деган хомхаёлда юради чоғи, оёғи ердан узилади.

Шу боис амалдорларга имтиёзлар билан бирга чекловлар ҳам қўйилади. Ўзининг уруғ-аймоғини “мойли” жойларга жойлаши тақиқланади. Шунингдек, давлат хизматида юрган одам иқтисодиёт ва режалаштириш бўйича маълумот ва сирлардан бохабар бўлади. Бу маълумотлардан ҳамда амалидан ва давлат ресурсларидан фойдаланиб, тадбиркорлик қилиши адолатсизлик бўлади, халқ ҳаққига хиёнат қилиш бўлади.

Бироқ андишанинг отини қўрқоқ қўйишга журъат этган амалдорлар ҳам талайгина.

Маданият ва туризм вазирига қонун ишламайдими?

Platina.uz сайтида 2023 йил 17 апрель куни “Озодбек Назарбековнинг ноқонуний ҳаракатлари (ёки ҳаракатсизлиги) маълум бўлди” сарлавҳаси остида эълон қилинган мақола ана шундай амалдорлардан бирига бағишланган эди.

Унда Ўзбекистон Маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбековнинг "Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида"ги қонунга зид ҳолда ўз хусусий бизнеси билан шуғулланаётгани маълум қилинган.

Хусусан, Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳридаги “Коба санъати мажмуаси” МЧЖ 2016 йил рўйхатдан ўтган бўлиб, 2023 йил 15 апрель ойи ҳолатига унинг таъсисчиси битта — Озодбек Назарбеков бўлган. МЧЖ устав фонди 404,8 млн. сўм. МЧЖ ҳам Шаҳрисабзда жойлашган. Назарбеков эса 2017 йилда амалдор сифатида иш бошлаган, яъни Маданият вазири ўринбосари бўлган.

Мазкур масалада platina.uz 2023 йил 19 апрелда Коррупцияга қарши курашиш агентлигига сўров юборди. Унда вазир ва унинг ўғлининг тадбиркорликда бевосита иштирок этиши қанчалик қонунийлигини асослаш, агар бу ҳаракат ноқонуний бўлса, мансабдорга нисбатан қандай чора кўрилиши мумкинлиги сўралган эди.

Ниҳоят, роса бир ой деганда, бу икки савол юзасидан агентликдан жавоб хати олдик.

Бу ўринда Коррупцияга қарши курашиш агентлигидан ҳам “кичик” хато ўтганини тан олмасак, адолатдан бўлмайди.

Мурожаатга муносабатни кўринг

2017 йил 11 сентябрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг 24-,28-моддаси, 2014 йил 5 майдаги “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддаси талабларига кўра, мурожаатларга жавоблар ҳолат ва мазмундан келиб чиқиб, 7 кунда ҳам, 10 кунда ҳам, 15 кунгача тақдим этилиши белгиланган. Ўта ўрганишни талаб қиладиган ҳолатлар эса бундан мустасно.

Афсуски, platina.uz жавоб хатини тегишли агентликдан 7 кунда ҳам, 10 кунда ҳам, 15 кунда ҳам олмади. Агар бирор қўшимча ўрганиш, текширув ёки тушунмовчилик бўлганда бизни 10 кунлик муддатда ёзма шаклда хабардор этишга ҳам муносиб кўришмади. Қоидабузарликка қарши кураш учун масъул идоранинг ўзи бу қоидаларни бузишини нима деб баҳолашга ҳам ҳайронмиз.

“Мендан кетгунча, эгасига етгунча” жавоб

2023 йилнинг 19 май санаси, директор ўринбосари У.Мавлянов имзоси билан жўнатилган ушбу расмий жавоб хатини, очиғини айтсак, жавоб хати, дейиш ҳам қийин. Бу хат жавоб бериш учун эмас, “хат ёздимми, ёздим” қабилида тайёрланган, десак хато бўлмайди.

Аввало, биринчи савол юзасидан берилган жавобда Ўзбекистонда қабул қилинган амалдаги қонун ва қонуности меъёрий ҳужжатларнинг узундан-узоқ рўйхати санаб ўтилган. Уларнинг барчасидан бир маъно – давлат хизматчисининг тадбиркорлик билан шуғулланиши тақиқлангани англашилади.

Иккинчи саволда вазир ва унинг ўғлининг бу ҳаракати ноқонуний бўлса, мансабдорга нисбатан қандай чора кўрилиши мумкинлиги сўралган эди.

Агентлик берган жавобда эса вазирнинг бу қилмишига на ҳуқуқий баҳо берилган, на чора кўрилгани (ёки кўрилмагани) ҳақида бирор маълумот берилган. Хат аввалида давлат хизматчисининг тадбиркорлик билан шуғулланиши мумкин эмаслиги кўрсатилган турли қонунлар ва меъёрий ҳужжатлар санаб ўтилган бўлса-да, негадир айнан вазирга нима чора кўрилади, деган саволга жавоб сифатида фақат “Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари”нинг тегишли бандларига ҳавола қилинган. Қолаверса, вазирнинг номи ҳам тилга олинмаган, айнан вазирнинг хатти-ҳаракатларида қайси қонун ёки тартиб бузилгани гумон қилинганми, текширув ўтказилганми, агар жиноят ёки ҳуқуқбузарлик аломатлари аниқланган бўлса, текширув материаллари тегишли ҳуқуқ-тартибот идораларига жўнатилганми-йўқми, бу ҳақда ҳам бирор аниқ гап йўқ.

Вазир ва унинг исми муқаддас кўрилган шекилли хатда тилга олинмаган. Балки вазирни қаттиқ ҳурмат қилишар? Лекин агентлик давлат манфаати йўлида ҳар қандай қўрқув ва истиҳолани йиғиштириб қўйиши керак эмасми?

Бу ҳали ҳаммаси эмас!

Яна бир қизиқ маълумот: ушбу ҳолат юзасидан platina.uz томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлигига сўров юборилгандан кейин “Коба санъати мажмуаси” МЧЖнинг таъсисчилиги Озодбек Назарбековдан (2023 йил 15 апрел ҳолатида) бир думалаб гўё унинг ўғли Жаъфарбек Назарбековга (2023 йил 12 май ҳолати) ўтиб қолган (скриншотлар исбот сифатида келтирилади).

Аммо Коррупцияга қарши курашиш агентлиги бу тафовут ва унинг сабаблари ҳақида бир сатр ҳам изоҳ бермаган. Бу нимадан далолат?

Кўриняптики, мансабдор шахснинг хусусий бизнес эгаси бўлгани, демакки, ҳуқуқбузарлик содир этилгани аниқ факт. Унга ҳуқуқий баҳо берилмагани ҳам кундек ойдин. Аммо нега Коррупцияга қарши курашиш агентлиги буни хаспўшлашга уринди?

Нега Озодбек Назарбековга қонунда белгиланган чекловларга риоя этмагани учун қонунга мувофиқ интизомий ва бошқа жавобгарлик қўлланилмади?

Агар оддий одам кўчага қоғоз ташласа ҳам, салкам рецидивист жиноятчига чиқарилиб, жазо берилади. Лекин каттароқ амалдор қонунни бузса, кўпчилик кўриб кўрмаганга олади. Қонун барча учун баробар ахир. Қадимги Римда айтишгандек, dura lex, sed lex – қонун бешафқат, аммо у қонун!

Хулоса ўрнида

Биров хафа қилса, қозига чопамиз. Қози хафа қилса, кимга чопайлик? Коррупцияга қарши курашиш агентлиги коррупцияни кўрсатсангиз ҳам, бошини қумга тиқиб олиб, ўзини кўрмаганга олса, демак, президентимизнинг ҳуқуқий ва адолатли жамият қуриш йўлида чекаётган барча машаққатлари увол бўлаётган экан. Бизда хулоса шу, сизда-чи?

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+