Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов асарлари турк тилида нашр этилди
Ўзбек шеъриятининг икки йирик намояндаси — Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов ижодидан намуналар Туркияда турк тилида чоп этилди. Анқарада икки китоб тақдимоти ўтказилди.

2026 йил 6 ноябрь куни Анқара шаҳридаги Туркия Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасида Эркин Воҳидовнинг «Сўз латофати» ва Абдулла Ориповнинг «Сайланма» китобларининг турк тилидаги нашрлари тақдимоти бўлиб ўтди.
Мазкур нашрлар Ўзбекистон халқ шоирларининг бой ижодий меросини Туркия китобхонларига таништириш, шунингдек, ўзбек адабиётининг туркий дунёдаги тарғиботини кенгайтиришга қаратилган. Лойиҳани Халқаро туркий маданият ташкилоти — ТУРКСОЙ Ўзбекистон Маданият вазирлиги, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва Туркия Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонаси билан ҳамкорликда амалга оширган.
Тақдимот маросимида ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Илҳом Ҳайдаров, Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Ҳожиматов, раис ўринбосари Ғайрат Мажид, халқ шоири Усмон Азим, Туркиядаги Чингиз Айтматов институти раҳбари Илёс Топсакал, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар вакиллари, олимлар ҳамда икки шоирнинг оила аъзолари иштирок этди.
Шунингдек, тадбир доирасида Эркин Воҳидов ва Абдулла Ориповнинг ҳаёти, ижодий фаолияти ва адабий меросига бағишланган фотокўргазма очилди. Унда шоирларнинг ҳаёт йўли ва ўзбек адабиёти ривожига қўшган ҳиссасини акс эттирувчи материаллар намойиш этилди.
Тақдимотда сўзга чиққанлар ўзбек адабиётининг икки йирик вакили асарлари турк тилида нашр этилганини қардош халқлар ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадамлардан бири сифатида баҳолади. Шунингдек, ТУРКСОЙнинг туркий халқларнинг умумий маданий меросини асраб-авайлаш ва халқаро миқёсда тарғиб қилиш борасидаги фаолияти алоҳида таъкидланди.
Китоблар таржимаси ва нашр жараёни
Нашрларни тайёрлашда ўзбекистонлик ва туркиялик мутахассислар ҳамкорлик қилган. Ҳар икки китобнинг нашр учун масъули Ўзбекистоннинг ТУРКСОЙдаги вакили Шавкат Ортиқов бўлди.
Эркин Воҳидовнинг «Сўз латофати» китобини турк тилига Авазхон Умаров ва Жиҳангир Демир таржима қилган. Нашрни тайёрлаш жараёнида Шеҳназ Сонат, Ҳуршид Воҳидов, Нигора Умарова ва муҳаррир Кемал Гўз ҳам иштирок этган.
Абдулла Ориповнинг «Сайланма» асарларини эса Хайрулла Ҳамидов, Маъруфжон Йўлдошев, Ҳусейин Байдемир, Саидбек Болтабоев, Авазхон Умаров ва Ҳуля Эргене турк тилига ўгирган.
Ҳар икки китобнинг кириш қисмида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг шоирлар ижодига берган баҳоси келтирилган. Хусусан, Эркин Воҳидов ҳақидаги нашрда давлат раҳбарининг шоирни «серқирра истеъдод эгаси, ҳақиқий ватанпарвар ва миллатпарвар инсон» сифатида эътироф этган фикрлари ўрин олган.
Абдулла Ориповнинг «Сайланма» китобида эса унинг ўзбек адабиётини янги босқичга олиб чиққан ижодкор экани, шеърлари халқ қалбидан чуқур жой олгани ва Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси матни муаллифи сифатидаги тарихий ўрни қайд этилган.
Китобларга Ўзбекистон маданият вазири Озодбек Назарбеков, ТУРКСОЙ Бош котиби Султон Раев ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, халқ шоири Сирожиддин Саййид сўзбоши ёзган.





