E-qaror тизимида ҳужжат яширишни Аксилкоррупция агентлиги текширади
Сўнгги пайтларда мазкур порталда ҳужжатларни асоссиз яшириб қўйиш ҳолатлари кўпайиб кетди.

2025 йил 30 декабрда имзоланган президент фармонига кўра, энди E-qaror тизимида қабул қилинадиган ҳужжатларни эълон қилишда очиқликка оид қонунчиликка риоя этилишини назорат қилиш ва очиқликни таъминлаш бўйича таъсирчан чораларни қўллаш Аксилкоррупция агентлигига топширилди.
Республика ва маҳаллий ижроия ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган ҳужжатларни E-qaror электрон тизимида асоссиз равишда эълон қилмаслик, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузиш деб ҳисобланади ҳамда тегишли жавобгарликка тортишга асос бўлади.
Шунингдек, агентликка маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг қарорларини ишлаб чиқиш, келишиш ва рўйхатдан ўтказишнинг ягона электрон — E-qaror тизимида қабул қилинадиган ҳужжатлар билан тўсиқсиз танишиш ва мониторинг олиб бориш имконияти берилади.