platina.uz

Ёш қизга тажовуз қилган талабага жазо кучайтирилди

Тошкентда 15 ёшли қиз билан жинсий алоқа қилган йигит 3 йилга озодликдан чекланган эди. Прокуратура протестига асосан ўтказилган қайта судда жазо яна кучайтирилган.

Жамият
26 май 2023 йил
Ёш қизга тажовуз қилган талабага жазо кучайтирилди

Тошкентда 15 ёшли қиз билан жинсий алоқа қилган йигит 3 йилга озодликдан чекланган эди. Прокуратура протестига асосан ўтказилган қайта судда жазо яна кучайтирилган.

Маълум қилинишича, воқеа ўтган йилнинг кузида юз берган. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2023 йил 13 апрелдаги ҳукми билан 20 ёшли йигит Ш.Х. вояга етмаган қиз — 2007 йилда туғилган Д.Ш.га нисбатан Жиноят кодексининг 128-моддаси (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноий ҳаракатларни содир этганликда айбли деб топилиб, 3 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Бундан ташқари унга қуйидаги тақиқлар юклатилган:

  • кафе, бар, ресторан ва бошқа кўнгилочар жойларга бормаслик;
  • оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик;
  • маҳкумларни назорат қилувчи органнинг розилигисиз яшаш жойини ўзгартирмаслик ҳамда Тошкент шаҳри ҳудудидан ташқарига чиқмаслик;
  • жабрланувчи Д.Ш. билан кўришмаслик ва ҳар қандай усулда у билан суҳбатлашмаслик;
  • алкоголи ичимликлар истеъмол қилмаслик каби қўшимча тақиқлар (чеклашлар) юклатилган.

Чилонзор туман прокуратураси томонидан келтирилган протестга асосан ушбу жиноят иши Тошкент шаҳар судининг апелляция инстациясида кўриб чиқилиб, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг 2023 йил 13 апрелдаги ҳукми ўзгартирилган.

Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси судлов ҳайъатининг 2023 йил 18 майдаги ажримига кўра, Х.Ш. зиммасига назорат қилувчи органнинг рухсатисиз яшаш, иш ҳамда ўқиш жойини ўзгартирмаслик, интернетдан фойдаланилмаслик каби тақиқлар (чеклашлар) қўшимча равишда юклатилган.

Хабарда келтилишича, Жиноят кодексининг 13-моддаси (қонуннинг вақт бўйича амал қилиши) нинг талабига кўра Ш.Х. га Жиноят кодексининг 2023 йил 11 апрелга қадар амалда бўлган 128-моддаси санкцияси доирасида жазо тайинланган.

Ижтимоий тармоқларда йигитнинг Тошкентдаги нуфузли университет талабаси экани айтилмоқда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+