Саудия Арабистони биринчи аёл-фазогирни космосга учирди

Саудия Арабистони биринчи аёл-фазогир Райёна Барновийни космосга учирди. Барновий Халқаро фазо станциясида бир қатор тажрибалар ўтказади. Унга хусусий парвоз чоғида яна бир саудиялик фазогир Али ал-Қараний, NASA собиқ астронавт Пегги Витсон ва автопойгачи Жон Шоффнер ҳамроҳлик қилади.

Жаҳон
26 май 2023 йил
Саудия Арабистони биринчи аёл-фазогирни космосга учирди

Райёна Барновий кўкрак бези саратони бўйича тадқиқотчи бўлиб, илк марта Халқаро фазо станциясига чиқарилган икки саудияликдан бири ҳисобланади. Иккинчи фазогир сифатида эса ҳарбий учувчи Али ал-Қараний танлаб олинган. 

Axiom Space хусусий космик компанияси ташкил этган ушбу фазо миссиясида улар очиқ космос ҳамда вазнсизлик шароитида турли дори дармонларнинг инсон ҳужайраларига таъсири, вазнсизлик шароитида ўзак ҳужайраларининг ҳамда зарарли ва зарарсиз ўсимталарнинг ўзини тутиши, микрогравитация шароитида булутларнинг ҳосил бўлиши каби йўналишларда тажрибалар ўтказишади. 

Фазогирларни ортган SpaceX Falcon 9 ташувчи ракетаси Crew Dragon кемасини Флоридадаги Канаверал космодромидан муваффақиятли учирди. 

Саудия Арабистони 2018 йилда Саудия космик комиссиясини ташкил этган. Мазкур  миссия Саудия Арабистонининг 2030 йилгача мўлжалланган махсус дастурининг бир қисми ҳисобланади. Ушбу ислоҳотлар дастури эса мамлакатнинг нефтдан қарамлигини пасайтириш ва ёшлар учун иш ўринларини кўпайтириш каби мақсадларни кўзда тутади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+