Тўғри танлов, келажакка ишонч, катта мақсад ва интилиш!
Вазирлар ва давлат арбоблари орзулар остонасида турган битирувчиларга тавсия ва тилакларини айтиб, янги ҳаётга оқ йўл тилади.
Бугун барча умумтаълим мактабларида ўқув йили якунига етиб, битирувчилар катта ҳаётга учирма бўлмоқда. Мактабгача ва мактаб таълими вазири, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири, Табиат ресурслари вазири, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Феруза Эшматованинг орзулар остонаси, янги ҳаёт бўсағасида турган мактаб битирувчиларга тилакларини билдиришди.
“Сиз ҳамма нарсани уддалайсиз, мен бунга ишонаман!”
Xилола УМАРОВА, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазири:
Азиз битирувчилар, қадрли ўғил-қизлар!
Мана, ҳаётингиздаги энг ҳаяжонли ва унутилмас кун ҳам етиб келди — сиз мактабни тарк этяпсиз. Жонажон мактабингизни ниҳоялаб, катта ҳаётга қадам қўймоқдасиз. Мен сизларга мактаб даврларингизни, биринчи синфдан бошлаб сизга илм сирларини ўргатган, ўз меҳрини аямаган ўқитувчиларингизни ҳар доим илиқлик ва меҳр билан ёдга олишингизни тилайман.
Болаликдан янги катта ҳаётга қадам қўяр экансиз, тўғри танлов қилиб, келажакда барча тўсиқларни енгиб ўтишга ёрдам берадиган муносиб касб танлашингизни тилайман. Унутмангки, бугунги танловингиз келажагингизни белгилаб беради.
Мактаб йилларингиз бу дунёни англаш, хато қилиш, ўз қадриятларини шакллантириш ҳамда ўзингизга ўрнак олишингиз лозим бўлган одамларни аниқлаш даври эди. Мактабда сизни ғамхўр устозлар ва ота-оналар қўллаб-қувватлаб, тўлиқ ривожланиш ва бахтли ҳаёт кечиришингиз учун зарур бўлган ҳамма нарсани қилдилар. Энди олинган билимларингиз билан катта ҳаётга йўл олиш ва уларнинг татбиқ этиш, муносиб ҳаёт учун жиддий мақсадлар қўйиш вақти келди. Ишончим комилки, Сиз ўзингиз ва Ватанимиз учун барқарор келажак яратишга тайёрсиз.
Ўқитувчиларингиз ва мураббийларингиздан олган барча яхши ўгитларни ўзингизда сақланг, замонавий дунёда муваффақият қозонишингизга ёрдам берадиган фазилатларингизни ривожлантиринг, мақсадларингизга дадил ва қатъият билан боринг, интилинг ва ҳеч қачон танлаган йўлингиздан ортга қайтманг. Сиз ҳамма нарсани уддалайсиз, мен бунга ишонаман!
Катта ҳаётда сизларга бахт, омад ва улкан ютуқлар тилайман, мактаб йилларингизни ҳеч қачон унутманг!
“Ўқишдан, илмдан куч олиб, ривожланишдан тўхтаманг”
Иброҳим АБДУРАҲМОНОВ, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири:
Азиз битирувчилар!
Сизларни ҳаёт остонасидаги муҳим қадамингиз – мустақил босқичга ўтаётганингиз билан чин қалбимдан табриклайман!
Айни дамда Сизни катта марралар, чегарасиз имкониятлар ва эртаси бор синовлар кутмоқда. Уларга юзланаркансиз, ички истакларингиз ва қобилиятингизга қулоқ тутинг, маррани кенг олинг. Ўқишдан, илмдан куч олиб, ривожланишдан тўхтаманг. Бу йўлда Ватанга садоқат, миллатга ҳурмат, қатъият, илмга ташналик – Сизнинг қадриятингиз бўлсин.
Кеча, бугун ва эртанинг жонли нигоҳи бу – сиз. Шу боис кузатувчанлик, таҳлилий ва танқидий мушоҳада, изланувчанлик, жасорат табиатингизга хос бўлиши зарур.
Зеро, Янги Ўзбекистоннинг илм-фани, маданияти, қадрияти негизида сиз турибсиз, айнан сиз шу катта мамлакатимизнинг ори ва ғуруридирсиз.
Ҳар бир янги кун – янги орзулар, янги режалар ва янги ғоялар учун яхши имконият. Доимо юракда эзгу орзуларингиз бўлсинки, кун келиб, қатъиятингиз ва меҳнатингиз уларни, албатта, рўёбга чиқаради.
Унутманг, Сиз буюк даҳолар ва алломалар авлодисиз, қонингизда мавж ураётган куч ва ғайрат, заковат ва салоҳиятни рўёбга чиқариш ўз қўлингизда.
Мустақил ҳаёт йўлингизда барчангизга чексиз омадлар тилайман!
“Иқтидорингиз ва қизиқишингиздан келиб чиқиб, тўғри танлов қилинг!”
Азиз АБДУҲАКИМОВ, Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазири:
Бугундан эътиборан ҳар бир мактаб битирувчиси учун мустақил ҳаёт йўллари бошланади. Албатта, барчангиз ҳаётда ютуқларга эришишда илм олишингизга, сабр билан меҳнат қилишингизга тўғри келади.
Қувонарлиси, бугун юртимизда ёшларнинг билим олиши, касб-ҳунар эгаллаши учун етарли шароит ва имкониятлар яратилган. Шундай экан, келажакда ўз соҳангизнинг етук мутахассиси бўлишингизга аминман.
Бу борада эса ўзингизнинг иқтидорингиз ва қизиқишингиздан келиб чиқиб, қайси олий таълим муассасасида ўқиш бўйича ота-онангиз ва устозларингиз билан маслаҳатлашиб, тўғри танлов қилишингиз керак бўлади.
Шуни унутмангки, ҳаётда муваффақиятларни қўлга киритишнинг энг тўғри йўли меҳнатсеварлик, ақл ва идрок билан фикрлаш, ҳалол ва ростгўй бўлишдир. Ана шу жиҳатларга амал қилган киши ҳаёти давомида фаровон яшайди.
Яна бир муҳим жиҳат, бугунги ва келгуси авлод муносиб табиий муҳитда яшаши учун барча, айниқса, сиз ёшлар табиатга меҳр билан эътибор бериши, атроф-муҳитни тоза ва озода тутиши керак бўлади. Табиатни севинг, табиий неъматлардан оқилона тежамкорлик билан фойдаланинг. Аҳамиятлиси, бу билан юртимиз табиати софлиги ва озодалига муносиб ҳисса қўшган бўласиз.
Фурсатдан фойдаланиб, юртимиздаги барча мактаб битирувчиларига аввало, соғлик-саломатлик, келгуси ўқиш ва ишларида улкан зафарлар тилайман. Сизларни бахт ва омад асло тарк этмасин.
“Келажакка ишонч билан боқинг!”
Батир ЗАКИРОВ, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири:
Бугун сиз - мактаб битирувчилари катта ҳаёт бўсағасида турибсиз. Бу ҳаётнинг янги, масъулиятли босқичи. Биласизми, баъзан юқори чўққиларни забт этиш имконсиздек туюлади. Юксак марралар фақат омадли ва иқтидорлилар учун, деган фикрга келамиз. Аммо, ундай эмас. Барча муваффақиятлар энг аввало тинимсиз меҳнат ва ҳаракат орқали келади. Ишонинг, эгаллаб бўлмайдиган билим, ўзлаштириш мумкин бўлмаган кўникманинг ўзи йўқ. Келажакка ишонч билан боқинг! Орзуларингиз йўлида изланинг, машаққатли йўл фақатгина омад сари бошлашини асло унутманг.
Мен сизнинг чақноқ нигоҳларингизга боқиб буюк инсонлар, шу жумладан, фахрий қурувчиларни кўраман. Мамлакатимизнинг бунёдкорлик соҳасини ривожлантиришда бор куч-ғайрати, иқтидорини сарфлашга тайёр, замон билан ҳамнафас фикрловчи ёшлар борлигидан қувонаман.
Сиз жамиятнинг эртанги келажаги, унинг фаол аъзоси, мамлакатимиз салоҳиятини белгиловчи буюк кучсиз. Ишончим комилки, Янги Ўзбекистоннинг муносиб пойдеворлари сифатида ота-онангиз ва устозларингиз юзини ёруғ қиласиз.
Орзуларингиз, мақсадларингиз бугунги ислоҳотлар сингари улкан, эришадиган маррангиз, кўтариладиган шоҳсупангиз эса осмонўпар бинолардек баланд бўлсин!
“Сизга ҳавасларим келади!!! Оқ йўл, Сизга”
Сирожиддин САЙЙИД, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Ўзбекистон халқ шоири:
Азиз битирувчилар!
Сизларни умрингизнинг камолот пиллапояси, ҳаётингиздаги энг қувончли ва ҳаяжонли дамлар – мактабни тугаллаб, етуклик онларига етиб келганингиз билан самимий муборакбод этаман.
Муҳтарам Президентимиз томонидан ёшларга оид давлат сиёсатида туб бурилишлар бўлмоқда. Чиндан ҳам мамлакатимиз ёшлари ҳаётида катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Албатта, бу муваффақият етуклик сари бошланган катта йўл олдидаги илк муваффақият, илк маррадир!
Шиддат билан ривожланаётган Ўзбекистонимизда ҳар бир ёш ҳам ислоҳотчи, ҳам ташаббускор бўлмоғи шарт ва зарур. Олий ўқув юртларига ўқишга киришларингизда ҳар бирингизга омад ёр бўлсин!
Сизга дилимдаги энг эзгу тилакларимни изҳор этмоқчиман. Ягона Ўзбекистонимиз келажаги Сиз ёшларга боғлиқ эканлигини асло унутманг! Ўқишдан, изланишдан, олға ҳаракат қилишдан асло тўхтаманг. Шунда Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Ал-Хоразмий, Ал-Беруний, Аз-Замаҳшарий, Жалолиддин Мангуберди сингари жаҳон тан олган юзлаб буюк ватандошларимизга муносиб издош бўласиз!
Ёрқин ва беғубор ниятлар остонасида барчангизни олдинда кутиб турган камолот уфқлари билан яна бир бор муборакбод этиб, ҳаёт сари оқ йўл, узоқ умр тилайман!
Сизга ҳавасларим келади!!!
“Олдингизга катта мақсад қўйинг ва албатта ушбу мақсадингизга интилинг!”
Феруза ЭШМАТОВА, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман):
Ўз ҳаёт йўлида яна бир поғона илдамлаб, янги босқични бошлаш арафасида турган мактаб битирувчиларини чин қалбимдан муборакбод этаман. Бир нарса аниқки, доим изланишга, ўрганишга, янгилик қидиришга интилиш, инсонни етукликка олиб чиқади. Меҳнатсеварлик, шижоат, изланувчанлик, креативлик каби сифатларини ўзингизда шакллантиринг. Олий таълим муассасаларини тамомлаб, билимларингизни амалиётда мустаҳкамлаётган пайтингизда ҳам ҳар куни вақт топиб, янгилик ўрганишни ўз одатингизга айлантиринг.
Битирувчиларга маслаҳатим, касб танлаётганингизда юрагингизга қулоқ солинг. Чунки ўз касбини, ишини сева олган инсон ишдан ҳечам чарчамайди, балки завқ олади. Ўз имконияти, салоҳияти ва қизиқишларидан келиб чиқиб, ҳаёт йўлини танлаган инсон ўйлайманки, ҳеч ҳам адашмайди.
Хорижий тилларни ўрганишга, ахборот коммуникация технологияларини ўзлаштиришга алоҳида эътибор беринг. Чунки ҳозир тез ўзгараётган дунё талаби шундай. Сиз хорижий давлатларга бориб Ўзбекистон номини янада юксалтиришингиз, тажриба алмашиб билимларингизни мустаҳкамлашингиз лозим. Олдингизга катта мақсад қўйинг ва албатта ушбу мақсадингизга интилинг!
Фурсатдан фойдаланиб, барча битирувчиларга мустаҳкам соғлик, куч-қувват, шижоат ва улкан муваффақиятлар тилайман. Доим юзингиз ёруғ, келажагингиз порлоқ бўлсин!