Доналаб сигарет сотиш тақиқланди

Президент “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонунни имзолади.

Жамият
25 май 2023 йил
Доналаб сигарет сотиш тақиқланди

Президент имзолаган “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонунда дона сигарет сотиш тақиқланмоқда.

Қонун билан алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сотиш билан боғлиқ муносабатлар, шунингдек, соҳага масъул органларнинг ваколатлари белгиланди.

Қонунга кўра, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини қуйидаги ҳолатларда реализация қилиш (сотиш, сотиб олиш ва ҳ.к.) тақиқланади:

  • 21 ёшга тўлмаган шахсларга ва улар томонидан; 
  • сотувчининг бевосита иштирокисиз, ўзига ўзи хизмат кўрсатиш токчаларидан, электрон тижорат шаклида;
  • сайёр савдо қилиш йўли билан, кўчмас савдо объектларидан ташқарида, дорихоналарда;
  • болаларга мўлжалланган товарлар сотиладиган хоналарда;
  • болалар ўйинчоқларига, конфетларга ёки болалар учун мўлжалланган бошқа товарларга ўхшатиб ишланган бўлса; 
  • соғлиқни сақлаш, таълим, маданият, спорт иншоотлари, санаторий ҳамда тиббий-ижтимоий муассасалар ҳудудларида;
  • таълим, спорт ва диний ташкилотлардан 100 метрдан кам масофада жойлашган савдо объектларида;
  • яроқлилик муддати ўтганда, маҳсулот сифатини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларсиз;
  • доналаб ёки очилган (яхлитлиги бузилган), истеъмол ўровида (қутисида) сигареталар ва қиздириладиган тамаки маҳсулотига нисбатан.

Алкоголь маҳсулотларини иш жойларида, кўчаларда, стадионларда, хиёбонларда, боғларда, барча турдаги жамоат транспортида ва бошқа жамоат жойларида истеъмол қилиш тақиқланади. 

Чилим чекиш учун махсус ажратилган жойлар фақат чилим бериш бўйича хизматлар кўрсатиладиган, вентиляция тизимлари билан жиҳозланган алоҳида ажратилган бинолар, иншоотлар ва объектларда ташкил этилиши мумкин.

Алкоголь маҳсулотларининг истеъмол идишида ёрлиқ асосий юзасининг камида қирқ фоизини эгаллайдиган матнли ёзув ва (ёки) расм тарзидаги тиббий огоҳлантириш бўлиши керак.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради. 

© 2023 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+