Ҳар олти сонияда бир ўлим: пандемиялару урушлар қурбонлари сонини ортда қолдирувчи офат
Пандемиялар-ку 1-2 йилда ўтиб кетади. Урушлар қачондир барҳам топади. Бу қурбонлар ҳар йили кузатилмайди. Бироқ яна бир офат борки, у юқорида зикр этилган барча фалокат ва хасталикларининг қурбонлари жами йиғиндисидан ҳам кўпроқ қурбонга олиб келади.
Бугун, 31 май – Бутунжаҳон тамакисиз яшаш куни. Айрим фактлар борки, ишониш қийин, аммо ҳақиқат. ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили 8 миллиондан зиёд киши тамаки сабабидан ҳаётдан кўз юмади. Ҳатто Covid-19 хасталиги ўлимга олиб келган, оғир кечган ва асорати қолган беморларнинг аксарияти тамаки истеъмол қилувчи кашандалар бўлган.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг (ЖССТ) маълумотларига кўра, (https://ura.news/news/1052621826) ҳар йили респиратор хасталиклар, жумладан гриппдан ўртача 650 минг киши вафот этади. Жуда қўрқинчли ҳамда ваҳимали кечган Covid-19 пандемиясидан жаҳон бўйича статистика маълумотларига қараганда, 1,8 миллион киши, норасмий маълумотлар билан бирга, максимал олганда 6 миллион киши ҳалок бўлган.
Урушларда ўлганлар статистикасини олсак, Биринчи жаҳон уруши жангларида жами 9 миллионга яқин киши ўлган, тинч аҳолидан эса 5 миллион кишининг ёстиғи қуриган.
Иккинчи жаҳон урушида эса дунё бўйича жами 40 миллионга яқин киши ҳалок бўлган.
СССР Афғонистонга бостириб кириб, 1979-1989 йиллар давомида урушганида 15 минг совет аскари ҳалок бўлган. Россия Украинага бостириб кирганидан бери эса, 1,5 йил давомида жами 400 мингга яқин киши ҳалок бўлди.
Пандемиялар-ку 1-2 йилда ўтиб кетади. Урушлар қачондир барҳам топади. Бу қурбонлар ҳар йили кузатилмайди. Бироқ яна бир офат борки, у юқорида зикр этилган барча фалокат ва хасталикларининг қурбонлари жами йиғиндисидан ҳам кўпроқ қурбонга олиб келади. Афсусланарлиси, бу рақам ҳар йили мунтазам ўсиб бормоқда. Аянчлиси, бу фалокат ҳамон бардавом, у ҳали-бери тўхтамайди. Бу даҳшатли офатнинг номи – тамаки!
Тамаки қаердан келиб қолди?
Тамаки аслида "келгинди" бир ўсимлик. Аввал фақат Америка қитъасида ўсган. Бу ўсимлик барглари маҳаллий қизил танли аҳоли томонидан севиб чекилишини кўрган денгизчи ва кашшоф Христофор Колумб 1492 йилда уни биринчи бўлиб Европага олиб келган. Кейинчалик, Рим католик черкови тамаки чекувчиларни шайтон билан алоқаларда айблашига қарамасдан, испанлар ва португаллар Америкадан тамакининг уруғларини ҳам Европага келтириб, кенг миқдорда экишни бошлаб беришган.
XVI асрда тамаки ўсимлигига Франциянинг Португалиядаги элчиси Жан Нико (1530-1600) шарафига Nicotiana деб аталган. Ҳозирда эса тамакида мавжуд асосий таъсир қилувчи модда никотин деб аталади.
Тамакининг Европада ва кейинроқ Туркия орқали Осиёда тарқалишига давлат раҳбарлари ҳам билвосита ҳисса қўшишган. Масалан, 1561 йилда Франция қироличаси Екатерина Медичи ўзининг Лиссабондаги элчиси Жан Никодан бир совға олади. Совға тамаки бўлиб, элчи уни бош оғриғидан дори сифатида тавсифлаган. Қиролича тамакини чекиб кўрса, дарди бироз енгиллашган. Шу-шу тамакига ўрганган. Қиролича чекиб ўтиргандан кейин, унга тақлид ва хушомад қилиш учун бошқа сарой аъёнлари, сўнг эса оддий фуқаролар ҳам кашандаликка ўргангани айтилади.
Кейинчалик тамаки савдоси мўмай даромад манбаига айланди. Секин-аста уни маҳаллийлаштириш, катта-катта плантацияларда экиш бошланди.
Россияда аввал тамакини хуш кўришмаган. Ҳатто кашандаларни таёқ билан уриб жазолашган. Бироқ Пётр I тахтга чиққач, тамакини легаллаштирди. Екатерина даврида эса Россияга тегишли ҳудудларда ҳам тамаки экила бошланди. Жумладан, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудида Самарқанд вилоятининг Ургут туманида тамаки маҳсулоти катта ҳажмда етиштирилган.
XIX асрга келиб эса тамаки бутун дунёни, ҳатто, Африка ва Австралияни ҳам эгаллади. Тамаки истеъмол қилиш худди сув ичиш ёки овқатланиш каби одатий ҳолга айланди.
Айни пайтда тамаки истеъмол қилиш ашаддий тус олган. ЖССТ маълумотларига кўра, жами 7,5 миллиард Ер аҳолисининг 1 миллиарди мунтазам тамаки истеъмол қилади.
Сердаромад, аммо...
Иқтисодий жиҳатдан тамаки ҳамон сердаромад соҳа. Тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқариш компанияларининг йиллик даромади 700 миллиарддан ошади. Бироқ бир ҳовуч бизнесменларнинг мўмай даромад олиши бутун инсониятга қимматга тушади.
Ўтган аср давомида ҳар икки жаҳон уруши қурбонларидан ҳам кўп одам – 100 миллион киши тамаки маҳсулотлари истеъмол қилиш оқибатида вафот этди. Кашандалик, ўлимга олиб келишидан ташқари, ҳар йили инсониятга 1,4 триллион доллар миқдорида зарар келтиради.
Ҳар йили кашандалар 5,7 миллиард дона сигарета чекишади ва тақрибан 1 миллион тонна сигарет қолдиқларини ташлашади, дея маълум қилган АҚШнинг The Tobacco Atlas ташаббус гуруҳи. Гуруҳ таҳлилчиларининг айтишича, бу қолдиқлар нафақат атроф-муҳитни зарарлайди, балки ацетат целлюлозадан иборатлиги боис, деярли чиримайди.
Жаҳонда тамаки экилган майдонлар 4,5 миллион гектарни ташкил этиб, бу деярли Швейцария ҳудуди билан тенг.
Қаерда кўпроқ чекишади?
Дунёда энг кўп кашанда Хитойда яшайди. Бир ярим миллиардга яқинлашган аҳолининг 315 миллиони кашанда.
Гарчи Индонезияда чекувчилар сони Хитойдан кам бўлса-да, кашандалик ёшлар орасида кенг тарқалган. Индонезия 15 ёшдан катта кашанда эркаклари мамлакат аҳолсининг 76 фоизини ташкил этади.
Тамаки қандай ўлдиради?
Мутахассислар тамаки кучли руҳий ва физиологик қарамлик ҳосил қилишини таъкидлаб келишади. Турли оғир хасталикларни келтириб чиқаради. Кашанда асосан ўпка саратони, инфаркт, инсульт каби ўткир юрак-қон томир касалликларидан вафот этади.
Дунёда ҳар олти сонияда бир киши тамаки оқибатларидан вафот этади. Агар шундай тенденция сақланиб қолса, 21 аср давомида тамаки туфайли 1 миллиард киши ҳалок бўлади.
Чиройли қутидаги оғу
Гарчи ҳозир кўпчилик давлатларда матбуотда тамаки рекламаси тақиланган бўлса-да, бир пайтлари кўча ва матбуотдаги рекламаларнинг энг кўринарли жойлари сигарета рекламаси билан тўларди. Тамаки чекишни “ҳақиқий эркаклар одати” деб кўрсатиш учун Marlboro компанияси рекламаларда кашанда ковбой образини яратганди. Бу рекламалар силсиласида ковбой ролини ўйнаган актёр АҚШлик Эрик Лоусон 14 ёшидан чекишни бошлаган, ашаддий кашанда бўлган. Афсуски, унинг ўзи ҳам кўп чекиш оқибатида келиб чиққан ўпка хасталигидан вафот этган.
Тамакини аёллар ўртасида оммалаштириш учун Lucky Strike компанияси бир гуруҳ замонавий кийинган чиройли аёлларга Lucky Strike сигареталарини кўчаларда, ҳамманинг кўз ўнгида чекиб юришни топширишган. Аввал уялиб чекмаган аёллар мана шу маркетинг тадбиридан кейин секин-аста чека бошлаган.
Ҳечдан кўра кеч бўлса ҳам...
Лекин кеч бўлса-да, тамакининг зарарлари жамоатчилик ўртасида кенг муҳокама қилина бошлади. ЖССТ бонг уриб чиқди. Тамаки рекламаси аввал чекланди, кейин тақиқланди. Тамаки маҳсулотларини 18 ёшдан катталарга сотиш ман этилди.
Жумладан, Ўзбекистонда бу борада катта кураш кетмоқда. Яқинда “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги Қонун (ЎРҚ–844-сон, 24.05.2023 й.) Президент томонидан имзоланди. Бу қонунга кўра, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини кўпгина ҳолатларда реализация қилиш (сотиш, сотиб олиш ва ҳ.к.) тақиқланади.
Жумладан:
- 21 ёшга тўлмаган шахсларга ва улар томонидан;
- сотувчининг бевосита иштирокисиз, ўзига ўзи хизмат кўрсатиш токчаларидан, электрон тижорат шаклида;
- сайёр савдо қилиш йўли билан, кўчмас савдо объектларидан ташқарида, дорихоналарда;
- болаларга мўлжалланган товарлар сотиладиган хоналарда;
- болалар ўйинчоқларига, конфетларга ёки болалар учун мўлжалланган бошқа товарларга ўхшатиб ишланган бўлса;
- соғлиқни сақлаш, таълим, маданият, спорт иншоотлари, санаторий ҳамда тиббий-ижтимоий муассасалар ҳудудларида;
- таълим, спорт ва диний ташкилотлардан 100 метрдан кам масофада жойлашган савдо объектларида;
- яроқлилик муддати ўтганда, маҳсулот сифатини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларсиз;
- доналаб ёки очилган (яхлитлиги бузилган), истеъмол ўровида (қутисида) сигареталар ва қиздириладиган тамаки маҳсулотига нисбатан.
Алкоголь маҳсулотларини иш жойларида, кўчаларда, стадионларда, хиёбонларда, боғларда, барча турдаги жамоат транспортида ва бошқа жамоат жойларида истеъмол қилиш тақиқланади.
Тамаки сиртмоғидан қутулиш мумкинми?
Шифокорларнинг тасдиқлашича, охирги сигарета чекилганидан атиги 20 дақиқа ўтгач, юрак уриши секинлашади. 12 соат ичида қондаги углерод оксиди миқдори нормал даражага тушади. 2-12 ҳафта ичида қон айланиши ва ўпка фаолияти яхшиланади. 1-9 ой ичида йўтал ва нафас қисилиши аста-секин йўқолади. 5-15 йилдан сўнг, собиқ кашандада қон-томир хасталикларидан ўлиш хавфи худди чекмайдиган одамники билан тенглашади. 10 йил ичида ўпка саратони ривожланиш хавфи тахминан икки баравар камаяди. 15 йил ичида юрак хасталикларининг ривожланиш хавфи чекмайдиганлар даражасига тушади.
Турли мамлакатлар ҳукуматларининг тамакига қарши жадал сиёсат олиб бориши ўз ижобий натижларини бермоқда. Кашандалар камаймоқда. Чекишни ташлаш бўйича етакчилар рўйхатида Австрия, Бразилия, Британия, Франция турибди. Уларда кашандалар сони йилига ўртача 1 миллиондан камайиб бормоқда. Лекин Африка, Осиё ва Лотин Америкасидаги камбағал аҳолиси кўп давлатларда чекувчилар сони йил сайин ошиб бормоқда.
Шу ўринда айтиб ўтиш керак, чекишни ташлашга уринганларнинг атиги 4-7 фоизи ташқаридан ёрдамсиз муваффақ бўлишади. Шунинг учун тамаки чекишни тўхтатиш бўйича тузилган, яхши молиялаштирилган ва арзон дастурларга эҳтиёж катта. Афсуски, бундай дастурлар ҳали жуда кам.
ЖССТ чекишни ташлашга ёрдам беради!
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ўз навбатида, мавжуд бўшлиқни янги технологиялар ёрдамида тўлдиришга интилади.
ЖССТ Facebook, WhatsApp ва Soul Machines каби қатор компаниялар билан ҳамкорликда чатботлар ва рақамли “тиббиёт ходимлари” орқали аҳолининг хабардорлигини оширмоқда ва одамларга чекишни ташлашга ёрдам бермоқда. Мисол учун, “Флоренция” номли сунъий интеллектга асосланган рақамли маслаҳатчи, шахсийлаштирилган тўхтатиш режасини ишлаб чиқишда ёрдам беради ва одамларга ўз мамлакатларида мавжуд бўлган мобил иловалар ҳамда бепул тўхтатишни қўллаб-қувватлаш линиялари ҳақида маълумот беради. WhatsApp мессенжерида “Тамакидан воз кечиш” (Quit Challenge) кампанияси бошланди. Унга обуна бўлиш орқали одамлар ўзларининг мобил қурилмаларида чекишни ташлаш бўйича маълумотларга эга бепул хабарлар олиб туришади.
Соғлиқни сақлаш соҳасидаги улкан ишлар туфайли дунё аҳолисининг учдан бир қисми – 2,4 миллиард киши, жумладан, ЖССТ Европа минтақасидаги 140 миллион киши тамакига қарамликни бартараф этишга қаратилган замонавий хизматлардан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. ЖССТ маълумотларига кўра, ушбу хизматлар "тамаки эпидемияси" қамраб олган барча мамлакатларда асосий хизматлардан бири бўлиши керак.
Абулфайз Сайидасқаров шарҳи