Бухорода субсидияга уй олиб бермоқчи бўлган мансабдор ушланди
У Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси шўъба мудири билан ўзаро тил бириктириб, субсидияга уй олиб бериш эвазига фуқародан 600 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Бухоро шаҳрида субсидия асосида уй олиб беришни ваъда қилган бош мутахассис ушланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси бош мутахассиси Б.О. Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси шўъба мудири Р.Ж. билан ўзаро тил бириктириб, фуқаро З.А.га Бухоро шаҳридан субсидия асосида уй олиб бериш эвазига 600 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 25, 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.