Қоракўл туманида мактаб директори томонидан содир этилган фирибгарлик жинояти фош этилди
Бухоро вилояти ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари ҳамкорликда ўтказган тезкор тадбирда Қоракўл туманидаги умумтаълим мактабларидан бирининг раҳбари қўлга олинди.
Жамият
22 апрель 2023 йил
Воқеа тафсилотларига кўра, Қоракўл туманидаги умумтаълим мактабларидан бирининг раҳбари, "Хўжакон" маҳалласида яшовчи, 1965 йилда туғилган Ж.Ф. ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, фирибгарликка қўл урган.
Мансабдор фуқаро Б.М. исмли эркакни мактаб қорувули, Н.С. исмли аёлни фаррош вазифасига ишга қабул қилганлиги эвазига ушбу мактаб хўжалик ишлари бўйича мудираси Х.Г. орқали уларнинг бир ойлик маошлари миқдорига тенг кимёвий ишлов берилган 900.000 сўм пулларни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.