Андижон шаҳрида номаълум одамнинг ёнган жасади топилди
Андижон вилоят прокуратураси воқеа тафсилотларини очиқлади.
Тармоқларда “Андижон шаҳрида номаълум одамни ёнган жасади топилганлиги” хусусидаги хабарлар тарқалди.
Аниқланишича, 9 май куни Ҳиндистондан Ўзбекистонга келган фуқаро (1986 йилда туғилган эркак) Андижон давлат тиббиёт институтида таҳсил олаётган 2002 йилда Ҳиндистонда туғилган талаба қизни олдига келиб, унга турмуш қуриш истагида келганлигини билдирган ва институт яқинидаги меҳмонхонада яшаб келган.
Қиздан рад жавобини олганидан сўнг унинг руҳиятида ўзгариш бўлиб, Ҳиндистонлик бошқа талабаларга энди ҳаётнинг қизиғи йўқлиги, ўз жонига қасд қилиши ҳақида айтиб келган ва “Захриддин Муҳаммад Бобур” номидаги истироҳат боғи ҳудудига кирувчи адирликда номаълум суюқлиқ ёрдамида ўзини ёқиб, воқеа жойида вафот этган.
Судга оид тиббий экспертизанинг дастлабки маълумотларига кўра, марҳумнинг танаси ва ички аъзоларида бирор бир кўринишдаги тан жароҳатлари аниқланмаган.
Ҳозирда суд-тиббий, суд-кимёвий ва суд-биологик экспертизалари тайинланган.
Мазкур ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 103-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Тергов ўтказиш йўли билан қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади.