Педофилни қамоқ меҳрибон педагог қилиб қўймайди – Алишер Қодиров
Қасддан одам ўлдирган, айниқса бола қотиллари ўзини нима кутаётганини аниқ билиши керак, дея таъкидлайди депутат.

Депутат Алишер Қодиров Намангандаги ҳодиса бўйича фикр билдириб, педофилларга кескин жазолар ташаббусини илгари сурди.
"Биз бугун бегуноҳ халқлар ва болалар қирғинига чора кўролмайдиган даражада заиф ва иккиюзламачи мезонларга мослашиш ва ўзларига қарши ишлатилишидан хавотир олаётган “қўрқоқ қаҳрамонлар”ни айюҳанносларига қулоқ тутиб бу заруратга кўз юмяпмиз.
Ажратиб олишда хато қилиш мумкин бўлмаган айрим тоифадаги жиноятчиларни яшашини ўзиёқ жамият ҳаловати учун хавфдир! Бу тоифадаги жиноятчиларни йиллар давомида янада жиноятчироқ қилиб жамиятга қайтариш орқали жиноятни про шакллари учун шароит яратилмоқда, холос", дейди сиёсатчи.
"Амалдаги қонунлар билан эҳтимолий ватан хоини давр ўзгариб миллий қаҳрамонга айланиши мумкиндир, унга ҳеч қачон ўлим жазоси қўлланилмаслиги керак, лекин рецидивист, бола ўлдира олган ёки мурғак болани топташ даражасидаги маҳлуқ-педофилни қамоқда меҳрибон педагог бўлиб қолишига кимдир ишонса ҳайратланаман", таъкидлайди депутат.
"Инсон инсонни ўлдириши мумкинмас, бу ҳам дунёвий, ҳам диний қарашларда энг олий жиноят сифатида қабул қилинган, лекин бу олий жиноятга жазо масаласида ёндашув бир хил эмас: бири бундайларни одамларни пули ҳисобига қамоқда сақлаб, едириб-ичириб, иссиқ-совуғини таъминлаб, жамиятдан умрбод ажратиб қўйиш етарли деб ҳисобласа, яна бири эҳтимолий кейинги жиноятларни олдини олиш, мойилларга огоҳлантириш бўлиши учун (жабрдийданинг талаби асосида!) ўлимга маҳкум қилади.
Беайб инсонни қасддан ўлдирган, айниқса бола қотили ва педофилларни яшашда давом этиши кейинги шу шаклдаги жиноятлар учун мотивациядир! Қасддан одам ўлдирган, айниқса бола қотиллари ўзини нима кутаётганини аниқ билиши керак!", дея хулоса қилади Қодиров.
Эслатиб ўтамиз, аввал жабрланувчи оиласи билан кўчирилиши маълум қилинганди.




