Араб давлатлари Лигаси Сурияни яна ўз сафига қайтарди
Араб давлатлари Лигаси ташқи ишлар вазирлари Суриянинг 10 йилдан кўпроқ вақт олдин тўхтатилган аъзолигини тиклаш бўйича бир тўхтамга келишди, дея хабар бермоқда Ироқ давлат ОАВлари.
Кеча Араб давлатлари лигасининг Қоҳирадаги бош қароргоғида вазирлар Сурияни ташкилот таркибига қайтариш учун овоз беришди.
Қарор 19 май куни Саудия Арабистонида бўлиб ўтадиган Араб давлатлари Лигаси саммити олдидан ва сўнгги ҳафталарда Дамашқ билан минтақавий муносабатлар тезкорлик билан нормаллашаётган бир шароитда қабул қилинди.
Суриянинг Араб Лигасидаги аъзолиги Президент Башар Асад 2011 йилнинг март ойида сунний намойишчиларни шаффатсизларча бостиришга буйруқ берганидан сўнг тўхтатилган эди. Шиа озчилик сунний кўпчиликни бошқараётган Суриядаги норозиликлар туфайли мамлакатда фуқаролар уруши бошланди. Натижада ярим миллионга яқин одам ҳалок бўлди, 23 миллион киши уй-жойини тарк этган эди.
Associated Press ахборот агентлиги хабарига кўра, Асад Сурия ҳудудида ўз назоратини мустаҳкамлаганидан сўнг, араб давлатлари инқирозни ҳал қилиш учун алоқаларни нормаллаштиришга интилди.
Араб Лигаси Бош котиби Аҳмад Абул Ғойт якшанба куни Асад «агар хоҳласа» шу ой охирида бўлиб ўтадиган Араб Лигаси саммитида қатнашиши мумкинлигини маълум қилган.
Дамашқ билан алоқалар 6 февраль куни Туркия ва Сурияда содир бўлган ҳалокатли зилзила, Хитой воситачилигидаги Сурия можаросида қарама-қарши томонларни қўллаб-қувватлаган Саудия Арабистони ва Эрон ўртасидаги алоқалар тикланганидан кейин тезлашди.
Саудия Арабистони узоқ вақтдан бери Асад билан муносабатларни нормаллаштиришга қаршилик кўрсатган бўлсада, Саудия ташқи ишлар вазири шаҳзода Файсал бин Фархон ас-Сауд ўтган ойда ўн йилдан ортиқ вақтдан бери биринчи марта Дамашққа ташриф буюрди ва икки давлат ҳам улар ўртасидаги элчихоналар ва ҳаво алоқаларини тиклади.
Эрон президенти Иброҳим Раисий ҳам ўтган ҳафта Дамашққа ташриф буюриб, узоқ муддатли савдо ва нефть бўйича шартномаларни имзолади.
Иордания, Қувайт ва Қатар Асаднинг Араб давлатлари Лигаси саммитида иштирок этишига қарши чиқишди ва Дамашқ тинчлик режаси бўйича музокараларга рози бўлишидан олдин таклиф қилиниши эрта бўлишини айтишди.