platina.uz

“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари жамоатчилик фикри асосида ташаббусли бюджетлаштирилади

Ҳукумат қарори билан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларини жамоатчилик фикри асосида ташаббусли бюджетлаштириш жараёнлари орқали амалга ошириш тартиби тўғрисида низом қабул қилинди.

Жамият
4 май 2023 йил
“Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари жамоатчилик фикри асосида ташаббусли бюджетлаштирилади

Низомга кўра, жамоатчилик фикри асосида лойиҳалар тўплами маҳаллалар (қишлоқлар) бўйича шакллантирилади ва ғолиб сифатида маҳаллалар (қишлоқлар) аниқланади.

Дастурлар доирасида жамоатчилик фикри асосида тадбирларни шакллантириш ва улар учун овоз бериш жараёни – ҳар йили ноябрь–декабрь ойларида (2023 йил учун, истисно тариқасида, 2023 йил май ойида) ўтказилади.

Жараёнлар 3 та босқичда ташкил этилади:

  • 1-босқичда – порталда лойиҳалар тўплами шакллантирилади;
  • 2-босқичда – шакллантирилган лойиҳалар тўплами саралаб олинади;
  • 3-босқичда – саралаш босқичидан ўтган лойиҳалар тўпламларига овоз берилади.

Ғолиб маҳаллалар (қишлоқлар) овоз бериш жараёни бошланишидан аввал кенг жамоатчиликка эълон қилинган ҳолда қуйидаги усуллардан бири орқали аниқланади:

лойиҳалар тўпламига берилган овозлар сонидан келиб чиқиб, аҳолиси сони кам бўлган маҳаллаларга (қишлоқларга) тузатиш коэффициентини қўллаган ҳолда лойиҳалар тўпламига берилган овозлар сонидан келиб чиқиб.

Овоз бериш жараёни якунларига кўра ҳар бир туман (шаҳар) учун жамғармада шакллантирилган маблағлар доирасида энг юқори кўрсаткични эгаллаган лойиҳалар тўплами ғолиб деб топилади.

Бунда лойиҳалар тўплами ғолиб деб топилиши учун камида 100 та овоз тўплаши лозим.

Овоз бериш якунлангандан сўнг 3 кунда ғолиб деб топилган лойиҳалар тўпламини амалга ошириш бўйича манзилли рўйхат шакллантирилади ҳамда жамғарма маблағларидан фойдаланиш бўйича туман (шаҳар) Махсус комиссиясининг тегишли қарори қабул қилинади.

Туман (шаҳар) ҳокимлиги томонидан 3 кунда лойиҳалар учун манзилли рўйхатда назарда тутилган маблағлар ўтказиб берилади.

Ҳар йил якунлари бўйича жамоатчилик фикри асосида лойиҳаларни шакллантириш билан боғлиқ жараёнларда фаол иштирок этган фуқаролар рағбатлантириб борилади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+