platina.uz

2023 йилдан бошлаб "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурларини ҳам жамоатчилик фикри асосида шакллантирилади

"Ташаббусли бюджет" бўйича овоз бериш жараёни натижалари таҳлил қилинди. Фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, жойлардаги муаммоларини қисқа муддатда ҳал этиш мақсадида эса 2023 йилдан бошлаб "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурларини ҳам жамоатчилик фикри асосида шакллантирилиши белгиланди.
Жамият
25 апрель 2023 йил
2023 йилдан бошлаб "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурларини ҳам жамоатчилик фикри асосида шакллантирилади

Мамлакатимизда бюджет тақсимотида аҳолининг иштироки Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018-йил 22-августдаги “Бюджет маълумотларининг очиқлигини ва бюджет жараёнида фуқароларнинг фаол иштирокини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан таъминланмоқда.
Ушбу қарорга мувофиқ 2021 йилнинг июль-сентябрь ойларида "Ташаббусли бюджет" бўйича илк бора овоз бериш жараёни ташкил этилди ва унинг доирасида фуқаролардан 41,1 мингта таклиф келиб тушди. Якунда ғолиб бўлган 1599 та таклифни молиялаштириш учун 530,5 миллиард сўм маблағ йўналтирилди.

Жорий йилнинг февраль-апрель ойларида "Ташаббусли бюджет"нинг биринчи мавсумида аҳолидан 55,9 мингта таклиф келиб тушди ва маъқулланган 2997 та лойиҳага бюджет маблағлари ҳисобидан 2 882 миллиард сўм ажратилди.

Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) экспертлари эса Ўзбекистонда "Ташаббусли бюджет" бўйича овоз бериш жараёни натижаларини таҳлил қилишди.

Таҳлилчилар фикрича, овоз бериш жараёнида жорий мавсумда лойиҳалар учун жами 16,1 миллионта овоз берилди. Бу кўрсаткич 2021 йилда 1,1 миллионтани ташкил этгани инобатга олинса, аҳолининг "Ташаббусли бюджет"га қизиқиши кескин ортиб бораяпти.

Яна таҳлилчиларнинг таъкидлашича, ташаббусли бюджетлаштириш ижтимоий ва инфратузилма билан боғлиқ муаммоларни манзилли ҳал этишда кўмак бермоқда.

“Буни 2023 йил биринчи мавсум якунларига кўра молиялаштирилувчи 2997 та таклифнинг асосий қисмини умумтаълим мактаблари (1335 та ёки 44,5%), ички йўллар (629 та ёки 20,9%), соғлиқни сақлаш муассасалари (370 та ёки 12,3%), мактабгача таълим муассасалари (176 та ёки 5,8%) ни таъмирлашга оид таклифлар эканлиги мисолида ҳам кўриш мумкин”, демоқда таҳлилчилар.

Яна бир муҳим маълумот шуки, фуқароларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, жойлардаги муаммоларини қисқа муддатда ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 октябрдаги "Жамоатчилик фикри асосида шакиллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш кўламини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига кўра, 2023 йилдан бошлаб "Обод қишлоқ" ва "Обод маҳалла" дастурларини ҳам жамоатчилик фикри асосида шакллантириши белгиланди.

"Ташаббусли бюджет" сингари лойиҳалар фуқароларнинг турмуш шароитини яхшилаш билан бир қаторда, улардаги амалга оширилаётган ислоҳотлар ва юрт келажагига дахлдорлик ҳиссини янада кучайтиршга хизмат қилади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+