Иштихондаги оғир ҳудудларда аҳвол ўнгланмоқда
Жумладан, ўта оғир шароитларда яшаётган аҳоли уйлари таъмирланди, ёрдам пуллари берилди.
Президент топшириғига асосан Президент Администрацияси, Халқ қабулхонаси бошчилигида йил бошида Самарқанд вилояти тўрт сектори ҳудудидаги ижтимоий-иқтисодий шароити оғир тўрт маҳаллада “Обод хонадон - обод кўча - обод маҳалла” мезонларини жорий этиш бўйича ишлар бошланган.
Жумладан, Иштихон тумани Қиёт маҳалласида ҳам аҳоли хонадонларидан бошлаб ҳудуд инфратузилмасигача бўлган муаммоларга ечим топиш, одамлар турмуш тарзини яхшилашга киришилганди.
Тўққиз қишлоқдан иборат, умумий майдони 224 гектар бўлган маҳалладаги 1285 оилада 6330 нафар аҳоли истиқомат қилади. Тумандаги энг катта маҳаллалардан бири ҳисобланса-да, ҳудудда аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратилмаган, йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар аҳоли кайфиятига таъсир кўрсатар, таъбир жоиз бўлса, қиётликларнинг эртанги кунга ишончи ҳам ўзига яраша эди.
– Дастлаб хонадонбай ўрганиш ишлари олиб борилди – дейди Ўзбекистон Республикаси Президентининг вилоятдаги Халқ қабулхонаси мудири М.Турдиев. – Хатлов натижалари бўйича хонадонларни ободонлаштириш, маҳалла ижтимоий-иқтисодий инфратузилмасини яхшилаш, бунёдкорлик ишларини амалга ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда маҳаллани оғир ҳудуд тоифасидан чиқариш бўйича 65 банддан иборат “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди. “Обод хонадон” мезони асосида таъмирга муҳтож 622 хонадон таъмирланиб, ободонлаштирилди. Ўта оғир шароитда яшовчи, эҳтиёжманд тоифадаги 13 оиланинг турар жойи вилоят прокуратураси ташаббуси билан ҳомийлик асосида жорий ва капитал таъмирланди. Аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш мақсадида 752 та хонадонда фермерлар ва ҳомийлар кўмагида шудгорлаш ишлари амалга оширилиб, баҳорги экинлар экилди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида 2 нафар фуқаро доимий ишга жойлаштирилди, 16 нафари касб-ҳунарга ўқитилди, 36 нафар фуқаро жамоат ишларига жалб этилиб, 71 нафар фуқаронинг ўзини-ўзи банд қилиши, 17 нафарининг тадбиркорлик фаолиятини бошлашига ёрдам кўрсатилди. Вилоят ва туман тиббиёт муассасаларининг тажрибали мутахассислари иштирокида ҳудудда чуқурлаштирилган тиббий кўриклар уюштирилиб, 24 нафар фуқаронинг вилоят шифохоналарида даволаниши таъминланди. 11 нафар фуқарога реабилитация-техник воситалари етказиб берилди, 1675 нафар қиётликка бепул дори-дармонлар тарқатилди.
Ижтимоий дафтарларда рўйхатда турган 20 нафар фуқарога 108 миллион сўмлик ёрдамлар кўрсатилди, 10 нафар фуқарога банк кредити олишда кўмаклашилди, 17 нафар шахсга 106 миллион сўмлик асбоб-ускуналар харид қилиш учун субсидиялар ажратилди.
“Обод кўча”, “Обод маҳалла” мезонларини жорий этиш йўналишидаги амалий ишлар натижасида маҳалла ҳудудидаги ички кўчаларнинг 7 километри асфальт қопламаси билан жорий таъмирланди 2,7 километрига асфальт ётқизилди. Шунингдек, 35,2 километр тупроқ йўлларга қум-шағал тўкилди. 1,7 километр узунликда пиёдалар йўлаги барпо этилди. 5 та трансформатор пункти янгидан ўрнатилиб, 14 таси капитал таъмирланди, 14,1 километр СИП кабел тортилди. Эски симёғочлар ўрнида 510 та янги темир-бетон устун ўрнатилди. Асосий кўчаларда 100 та тунги ёритиш чироқлари қўйилди.
Дарвоқе, маҳалладаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари жараёнида ҳомийлик ва ҳашар йўли билан янгидан маҳалла биноси барпо этилиб, “маҳалла еттилиги” фаолияти учун барча шарт-шароит яратилди. Мазкур бинонинг иккинчи қаватида эса маҳалла хотин-қизлари бандлигини таъминлаш ва уларга касб-ҳунар ўргатиш мақсадида тикувчилик цехи фаолияти йўлга қўйилди. Аҳолининг спорт билан шуғулланиши учун бир нечта спорт майдончалари, дам олиш масканлари ташкил этилди.
Бу каби бунёдкорлик ишларидан маҳалладаги учта умумтаълим мактаби ва болалар боғчалари ҳам четда қолмади. Мазкур муассасалар ҳам жорий таъмирланиб, бир қатор муаммолари ҳал этилди. Аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида эски оилавий шифокорлик пункти қайта таъмирланиб, зарур жиҳозлар билан таъминланди, тез тиббий ёрдам шохобчаси ташкил қилинди.
Бундан ташқари, бир нечта савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари очилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси асосида қарийб 3 гектар майдонда 5 та боғ ташкил этилди, 12 минг 700 туп мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экилди.
Ўтган вақт мобайнида маҳаллада хонадон маданияти ва аҳоли маънавиятини юксалтириш мақсадида мунтазам равишда маънавий-маърифий тадбирлар, уч авлод учрашувлари ўтказилди.
Хотира ва қадрлаш куни арафасида маҳалладаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари якунига етиб, бугун янги маҳалла биноси ва бошқа объектларнинг очилиш маросимлари ўтказилди.
Ушбу тадбирларда “Нуроний” жамғармаси республика бошқаруви раиси С.Турдиев, вилоят ва туман ҳокимлиги, вилоят прокуратураси ва сектор масъуллари иштирок этди. Меҳмонлар маҳалла аҳлини янги иншоотлар билан табриклаб, инсон қадрини улуғлашга қаратилган бу каби тадбирлар юртимиз бўйлаб давом этишини таъкидладилар.
Шу ерда уч авлод учрашуви ўтказилиб, фахрийларга эҳтиром кўрсатилди, шунингдек, маҳалладаги қурилиш-ободонлаштириш ишларида фаол иштирок этган қурувчи ва бунёдкорларга эсдалик совғалари топширилди. “Энг обод хонадон”, “Энг обод кўча” танловлари ғолиблари муносиб тақдирланди.