platina.uz

Депутатлар уч йил кутилган “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилди

Мазкур қонун лойиҳаси уч йилдан бери Олий Мажлис палаталари муҳокамаларига қўйилмасдан ўқитувчиларнинг ҳафсаласини пир қилиб келаётганди. Ниҳоят, Олий Мажлис депутатлари мазкур қонун лойиҳасини қабул қилишди. Хўш, янги қонун лойиҳасида кутилган ўзгаришлар ўз ифодасини топганми?

Мақола
2 май 2023 йил
Депутатлар уч йил кутилган “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилди

Ўқитувчилар миллатимиз келажаги шаклланишига энг салмоқли улуш қўшувчи соҳа вакиллари ҳисобланишади. Бироқ мантиққа кўра энг ҳурматли табақа бўлиши лозим бўлган ўқитувчилар шу пайтгача “районо” ва ҳокимиятларнинг югурдаги вазифасини бажаришди. Кўча супуришдан тортиб, сайловларда хизмат қилиш учун ҳам ўқитувчилар югуртирилди. Пахта теримларинику ўқитувчисиз тасаввур қилиб бўлмасди.

Уйма-уй юриб, қайсидир ақли ноқис раҳбарнинг ўзига ўхшаган бемаъни ва самарасиз ғояларини амалга татбиқ ва тарғиб этишда ҳам бечора ўқитувчилар жалб этилди. Бу ўқитувчиларимизнинг айби – у бюджетдан маош олади. Аслида ўқитувчи ўша арзимаган чақаларни ҳам қон ютиб, азобли меҳнат билан олади. Турли конспектлар ёзиш, бухгалтерга ўхшаб балл қўйиш тизимлари ва яна аллақанча кераксиз қоғозбозликлар ўқитувчининг силласини қуритиб, вақтини исроф қилмоқда. Ўқувчиларнинг рўмолию, калта кийими, пайпоғининг калталигини пойлаб юриш каби ишлар ҳам бечора ўқитувчининг зиммасида. Агар инсон ҳуқуқлари бузилаётганидан оғиз очилса, дарров ўқитувчи айбдор қилинади. Буйруқ берган амалдорлар “биз айтмадик, ўзларидан чиққан ташаббус”, деб сувдан қуруқ чиқишади.

Хулласи калом, ўқитувчилар ўқувчиларга билим бериш ва таълим жараёнини назорат қилишдан бошқа ҳамма иш билан шуғулланишмоқда.

Асосий иш билан – сифат таълими ва натижалар билан бировнинг иши йўқ. Чунки иши бўлиши лозим бўлган масъуллларнинг жигарбандлари ёки хорижда, ёки пуллик шахсий мактабларда яйраб ўқишади.

Бундай мантиқсиз қулдорликка чек қўйиш учун мавжуд қонунлар етарли бўлмади шекилли, (тўғрироғи, уларнинг ижросини таъминлай олишмади) “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги алоҳида қонун қабул қилишга эҳтиёж туғилди. Ушбу қонун лойиҳаси уч йилдан бери муҳокамаларга қўйилмасдан ўқитувчиларнинг ҳафсаласини пир қилиб келаётганди.
Ниҳоят Олий Мажлис депутатлари мазкур қонун лойиҳаини қабул қилишди.

Таъкидлаш керак, “Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ўқитувчилар кутган айрим енгиллик ва имтиёзлар назарда тутилган.

Масалан, ушбу қонун лойиҳаси билан таълим ташкилотлари педагог ходимларининг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлишини кафолатлаш мақсадида шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш масаласида ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилганида давлат божини тўлашдан озод этиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, қонун лойиҳасида педагог ходимни лавозим мажбурияти ва касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилишни тақиқлаш, илк бор касбий фаолият бошлаётган шахсга бир ўқув йили даврига ўқитувчи-мураббийликни амалга оширувчи педагог ходимни бириктириш назарда тутиляпти.

Шу билан бирга, давлат таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагог ходимларни давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида мажбурий тиббий кўрикдан бепул ўтиши, педагог ходимнинг касбий фаолияти давомида юқумли касалликларга қарши бепул профилактик эмлаш давлат томонидан таъминланиши акс этмоқда.

Қолаверса, эллик олти иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган узайтирилган таътил бериш белгиланмоқда.

Муҳокамалар давомида депутатлар ушбу қонуннинг бугунги кундаги зарурати ва аҳамиятини эътиборга олиб, уни янада такомиллаштириш, пишиқ-пухта ҳолатга келтириш, маромига етказиш бўйича бир қатор таклифлар беришди.

Ушбу ҳужжат ўқитувчиларнинг обрўсини ошириш, қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлигини таъминлашга хизмат қилиши қайд этилди.

Бироқ тан олиш керак, қонун лойиҳасида кўпчилик педагоглар кутган имтиёз ва енгилликлар берилмаган. Хусусан, уй олишга қийналиб юрган ёш мураббий ва ўқитувчиларнинг имтиёзли ипотека кредити борасидаги хаёллари совун пуфагидек ёрилди.

Чунки бу имтиёзларга эга бўлиш учун Қашқадарё вилоятининг чеккасида жойлашган, ҳатто харитада йўқ бирор қишлоққа бориб, 10 йил ўқитувчилик қилиш талаб этилади. Шунда ҳам ўша қишлоқда уй қуриб олишингиз, ёки тайёрини сотиб олишингиз учун кредит берилади, холос.

Янги қонундаги айрим бандлар эса бошқа қонунларнинг шундай мазмундаги сатрларини кўчириб олиб ёпиштирилгандек кўринади.

Бу қонун ижроси қандай таъминланиши ва бунга айнан қайси ташкилот масъул бўлиши ҳам номаълум қолмоқда.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+