platina.uz
Сиёсат

Тошкент шаҳар марказий давлат архивида ангар кўринишидаги замонавий сақловхоналар қурилмоқда

Ушбу сақловхоналар қурилишининг биринчи босқичига пойтахт маҳаллий бюджетидан 17, 6 млрд сўм маблағ ажратилган.
Тошкент шаҳар марказий давлат архивида ангар кўринишидаги замонавий сақловхоналар қурилмоқда

Ноёб хазиналар манзили бўлган Тошкент шаҳар марказий давлат архиви республикадаги энг йирик архивлардан ҳисобланади. Бу ерда 1971 йилдан буён Тошкент шаҳрига тегишли архив ҳужжатлари, шу жумладан, иккинчи жаҳон уруши даврида эвакуация қилинган фуқаролар ва ташкилотлар тўғрисидаги ҳужжатлар кўз қорачиғидек асраб, авайлаб, сақлаб, жамлаб келинмоқда.

Ушбу архивда 2 млн. сақлов бирлигидан ортиқ архив ҳужжатлари, энг катта ҳажмда – 1,6 млн. сақлов бирлигида шахсий таркиб ҳужжатлари сақланади.

Маълумот учун: ҳар бир сақлов бирлиги бу биттагина ҳужжат эмас, балки ҳар бири 250 варақдан иборат маълумотларни ўзида жамлаган тўплам ҳужжатлардир. Энди тасаввур қилаверинг, 2 млн.дан ошиқроқ сақлов бирлигидаги архив ҳужжатлари ичида қанча-қанча маълумотлар бор?

Яна бир зўр хушхабар: 2021 йилда старт олган республикадаги энг йирик ва ягона ангар кўринишидаги 3 та сақловхоналар ҳам айнан шу архивда қуриляпти.

Тошкент шаҳар архив иши ҳудудий бошқармаси бошлиғи Дилдора КУЧАРОВАнинг маълум қилишича, янги ангар кўринишида қурилаётган сақловхонанинг энг каттаси 848 кв метр ҳудудни эгаллаган ва унда 168 та мобил стеляжлар ўрнатилган. У 420 минг сақлов бирлигидаги архив ҳужжатларини ўз бағрига сиғдира олади. Энг қизиғи, бу сақловхоналар техник жиҳатдан замонавий барча талабларга жавоб беради. Ёнғиндан, намдан сақловчи жиҳозларга эга.

Мутахассисларнинг айтишича, ҳатто Францияда янги миллий архив замонавий қурилган бўлса ҳам, бахтсиз ҳодиса вақтида, яъни дейлик, ёнғин чиқса, уни бартараф этиш сув билан амалга оширилади. Сув билан ҳимоялаш барибир қайсидир даражада қоғоз ҳужжатлар хавфсизлигини тўла кафолатламайди.
Тошкентдаги янги ангар кўринишидаги сақловхона эса бахтсиз ҳодисаларда ҳужжатларни зиён келтирмайдиган даражада асраб қолиш имконини берувчи Хитойда ишлаб чиқарилган ускуна билан жиҳозланмоқда.

“Ўзархив” агентлиги ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиевнинг тушунтиришича, сақловхонанинг ҳарорати ўртача 17-19 даражани ташкил этиши, нисбий намлик 50-55 фоиз бўлиши қоғоз ҳужжатлари кўп вақт сақланишига имкон беради. Айни пайтда мавжуд кўп сақловхоналарда бунинг имконияти бироз мушкул. Ушбу янги талаблар билан жиҳозланиб қурилаётган сақловхоналар эса ана шу муаммоларга қайсидир маънода ечим бўлади.
Ушбу сақловхона қурилишининг биринчи босқичига 17, 6 млрд сўм маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилган.


Телеграмда кузатиб боринг!

Тавсия этамиз

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid