platina.uz

Ўзбекистонда неча йилда уй олиш мумкин?

Ўтган йил бошида Тошкент шаҳрида янги қурилган уйларнинг 1 метр квадрати 1,6 минг АҚШ доллар баҳоланган бўлса, йил охирига бориб 2,1 минг долларга чиқди.

Иқтисод
7 август 2023 йил
Ўзбекистонда неча йилда уй олиш мумкин?

Ўтган йилги статистикага кўра, ҳар куни мамлакатимизда 2200 дан зиёд чақалоқ дунёга келади. Ҳар йили 275 минг атрофида оила қурилади. Фақат бу йил никоҳдан ўтишлар сони 5 фоизга камайган холос. Бу кетишда 40 миллионлик маррага ҳам тез вақт ичида етиб оламиз.

Ўзбекистондаги оилаларнинг 23,3 фоизида 1 нафар, 26,3 фоизида 2 нафар, 18,3 фоизида – 3 нафар, 7,4 фоизида 4 ва ундан кўп 16 ёшга етмаган фарзанд вояга етмоқда. Демак ўртача статистик оилада 2 нафар вояга етмаган фарзанди бор.

Ушалмас орзу

Бироқ бошпана масаласи ҳамон кўпчилик ватандошларимиз учун ушалмас армон бўлиб қолмоқда. Чунки ўз уйинг - ўлан тўшагинг. Ўзбек тўй қилади, меҳмон чақиради, бола парвариш қилади. Бировларнинг уйларида ижарада туриш, ижара қидириб, ёки ижара нархи ошгандаги асабийлашувлардан безиган одам зоти борки, ўз уйим бўлса дейди. Бу шунчалик долзарб масалаки, ҳатто янги Ўзбекистоннинг янги конституцисида ҳам ўз аксини топди. Янги қомуснинг 47-моддасида “Ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга.

Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади.

Давлат уй-жой қурилишини рағбатлантиради ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратади.

Аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланади”, дея белгилаб қўйилди.

Лекин уй-жойга эгалик ҳуқуқимиз қанчалик ўз рўёбини топмоқда? Ҳолва деган билан оғиз чучимайди. Орзу қилган билан амалга ошиб қолмайди. Аввалдан ҳам унча арзон бўлмаган уй-жой ҳозирги келиб оддий одам оёғи етмайдиган чўққига чиқиб олди. Ўтган йил бошида Тошкент шаҳрида янги қурилган уйларнинг 1 метр квадрати 1,6 минг АҚШ доллар баҳоланган бўлса, йил охирига бориб 2,1 минг долларга чиқди. Умуман олганда, уй жой нархлари кўчмас мулк сегменти ва турига қараб 20-40 фоизга ошгани қайд этилган.

Уй нархи ошиб бормоқда

Мутахассисларнинг билдиришича, квадрат метр нархларининг ошиб боришига бир неча омиллар сабабчи бўлмоқда:

- доимий прописка олиш тартиби соддалаштирилди. Пойтахтга вилоятларга кўчиб келаётганлар кўпаймоқда. Давлат статистика қўмитасининг расмий маълумотларига кўра, биргина сўнгги 2 йилда Тошкент шаҳрига 42 мингга яқин киши кўчиб келган;

- мамлакат аҳолиси сони ортиб бормоқда;

– Ўзбекистон Россиядан ва бошқа жойлардан кўчиб келадиганлар учун қулай жой. Кириш визасига мурожаат қилишингиз шарт эмас, 6 ой қолиш учун рўйхатдан ўтиш кифоя, нисбатан арзон ҳаёт, рус тилининг обрўси ва уни билувчилар сони юқори, ҳеч ким сиздан давлат тилини билишингизни талаб қилмайди;

- банкларга ишончсизлик ва валюта курсининг ўзгариши кўчмас мулк сотиб олишни жамғармаларни инвестиция қилишнинг энг ишончли усулига айлантиради;

- Ижтимоий ҳимояга қаратилган сиёсат туфайли банкларнинг ипотека кредитлари бериши, йиллик фоиз, гаров шартлари ва биринчи тўлов шартлари осонлашди.

Бу омилларнинг барчаси кўчмас мулк қийматининг ошишига таъсир қилади, албатта. Фақат 2022 йилда нархлар ўртача 24 фоизга ошгани қайд этилган.

Айни пайтда Тошкент шаҳрида уй-жойларнинг ўртача нархлари қуйидагича:

1 хонали (35 кв.м.) - 40 000 дол.

2 хонали (50 кв.м.) – 55 000 дол.

3 хонали (70 кв.м.) – 65 000 дол.

Қанча пайтда уй олиш мумкин?

Хўш, биз тепада зикр этган ўртача статистик ўзбекистонлик оила – эр, хотин ва 2 нафар вояга етмаган боладан иборат оила статистика бўйича энг кўп сотиб олинаётган 2 хонали хонадонни сотиб олиш учун қанча вақт меҳнат қилиб, йиғиниши лозим?

Ўзбекистон Президентинниг 2023 йил 28 мартдаги фармонига биноан 2023 йил 1 майдан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори ойига 980 000 сўм этиб белгиланган. Ўзбекистонда 2023 йилда ўртача ойлик маош эса, Давлат статистика агентлиги берган маълумотларга қараганда, 3 млн. 892 минг сўмни ташкил этади. (https://hochusvalit.com/khochu-svalit/zarplata-v-uzbekistane) Бу шу кундаги доллар курсига чаққанда (1 дол.=11720 сўм) 332 доллар бўлади.

Тошкент шаҳрида эса албатта ўртача маош вилоятларга қараганда баландроқ – 6 млн. 100 минг (520 доллар).

Бироқ ҳамма топган пулни уй олишга сарфлаб, қозонни сувга ташлаб қўйишнинг ҳам иложи йўқ. Албатта ҳар бир оиланинг ойлик пул сарфлаши унинг ўз ихтиёрида. Бироқ Президентнинг 2023 йил 28 июлдаги 2023 йилдаги “Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 120-Фармонига кўра, Ўзбекистонда пенсия ва нафақаларнинг энг кам миқдори 568 минг сўм этиб белгиланди. Демак бир кишига яшаши учун 568 минг сўм етарли деб ҳисоблаймиз. Кийиниш, мактаб таъмирига пул, транспорт, гигиена, безаниш, тўй, меҳмондорчилик, даволаниш каби бошқа “ортиқча” харажатларни ҳозирча ҳисобга олмай турамиз. Чунки бу ҳаммада ва ҳар хил вазиятда бўлади.

Демак, агар Тошкент шаҳрида яшовчи ўртача статистик оиладаги эр-хотин ҳам ишласа, бир ойда 12 млн.200 минг сўм пул йиғилади. Жон бошига 568 минг сўмлик “тирикчилик” харажатини айириб ташласак (4 кишилик оила учун 2 млн. 272 минг сўм бўлади. Яъни, 9 млн. 928 минг сўм “ортиб қолади”. Демак бу оила икки хонали (55000 доллар = 644 млн. 600 минг сўм) уйни сотиб олиши учун шунча пулдан 65 ой (6 йил) йиғиб бориши керак. Агар эр-хотиндан фақат биттаси ишласа, 12 йил йиғиниш керак.

Бу Тошкент шаҳридаги маош оладиган оила. Агар бутун Ўзбекистон миқёсидаги ўрта маошдан келиб чиқсак, 3 млн. 892 минг сўм маош билан эр ва хотин ҳам ишласа, (3 млн. 892 минг * 2=7млн. 784 минг сўм - 2 млн. 272 минг сўм = 5 млн.512 минг сўм. 644 млн. 600 минг / 5 млн. 512 минг сўм = 117 ой) 10 йил керак бўлади. Агар оилада фақат 1 киши маош олса, 20 йил керак бўлади. Бу ерда сооддалаштириш учун инфляция, мош ошиши ва уй-жой нархларининг кўтарилиб (ёки тушиб) боришини инобатга олмаяпсиз албатта.

Асосий тўсиқ

Агар ипотека кредитлари бериш шартларига қарасак, у юқоридаги ҳисоб-китобларимизга мантиқан яқинлигини кўришимиз мумкин. Яъни бу кредитлар аксарият ҳолларда 15-20 йилга берилади. Бир қарашда муаммога ечим бордек. Лекин танганинг бошқа томони ҳам бор. Ҳеч қайси банк бўлиб тўлаш шарти билан пул бермайди. Бирламчи бозор учун йилига 17-18 фоиз қўшилади, иккиламчи бозор учун 25-30 фоиз устамаси ҳам бор. Қолаверса энг асосий муаммо – бирдагина тўладигандан дастлабки тўлов асосий миқдорнинг 15-20 фозини ташкил этади. Яъни уй олишдан олдин дарров ўртача 100 миллион сўмни тўлаб қўйиш керак. Бу пулни йиғиш учун ўртача оила яна 1-2 йил йиғинишига тўғри келади. Тўғри, ижтимоий ҳимоя мақсадларида ажратиладиган субсидия ҳисобидан бу тўсиқни айланиб ўтиши мумкин. Лекин ойига 3-6 миллион маош оладиган оила бу субсидия шартларига мутлақо тўғри келмайди. 100 ёки 120 миллион сўмни бирданига тўлашга мажбур бўлишади барибир. Бу пулни қандай топиш эса ўртача статистик оиланинг ўзига ҳавола. Яъни бу масалада оила бюджети ечим бўла олишига ҳеч қандай кафолат йўқ, ана шуниси муаммонинг асл нуқтаси.

Дарвоқе, бу бизнинг ҳисоб-китоб, қани сиз ҳам бир оилавий даромадингиз билан неча йилда бошпана олишингиз мумкинлигини ҳисобланг-чи, қачон орзунгиз ушаларкан-а?

Абулфайз Сайидасқаров

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+