platina.uz

Бугун Тошкентда туш пайтида кўчага чиқмаслик тавсия этиляпти

Гидрометеорологларимиз бугун Тошкентда қуёшнинг юқори ультрабинафша нурланиш бўлиши ҳақида хабар берди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса қуёшнинг хавфли ультрабинафша нурларидан қандай ҳимояланиш кераклигини маълум қилди.

Жамият
3 май 2023 йил
Бугун Тошкентда туш пайтида кўчага чиқмаслик тавсия этиляпти

Тошкентда туш пайти қуёшнинг ультрабинафша нурланиш индекси 12 баллик шкалада 10 баллик бўлиши прогноз қилинмоқда.

Гидрометеоролог мутахассис Эркин АБДУЛАҲАТОВнинг қайд этишича, бу қуёшнинг хавфли даражадаги нур сочиши ҳисобланади, аммо мавсумга хос эмас.

– Бу каби кескинлик қуёшда 30 апрель куни кучли чақнашлар фонида рўй бераётган кўринади. Ва ультрабинафша нурларининг атмосферанинг озон қатламидан ўтмишга нисбатан "тўсиқларсиз" кириб келиши ортидан кузатилаётган бўлиши ҳам мумкин, – дейди Эркин Абдулаҳатов.

Маълум бўлишича, нурланиш қоқ туш пайти максимал даражага яқинлашиб, соат 14:00да 9, 15:00да 7 ва 16:00да 5 даражага тушади.

Хўш, юқори ультрабинафша нурлари нимаси билан хавфли? Ундан қандай ҳимояланиш керак?

Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази маълум қилишича, бундай пайтда қуёш нури аллергик реакциялар келтириб чиқаришидан эҳтиёт бўлиш лозим.

Хусусан, бу каби ноқулай об-ҳаво шароитида терининг қуёш нурига сезгирлиги ошиши натижасида фотодерматит касаллиги юзага келиши мумкин.

— Қуёш нурининг ўзи аллерген ҳисобланмайди, — дейди марказ раҳбари, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова. — Бироқ ультрабинафша нурланиш тери ёки инсон танасидаги ҳар қандай модда билан ўзаро таъсирга киришганда, аллергик реакция пайдо бўлиши мумкин.

Оқибатда кўкракнинг юқори қисми, бўйин, қўл соҳаларида пуфакча, қавариқ, қизил доғ ва турли тошмалар юзага келади. Баъзан терининг қипиқланиши, қичишиши ва шишлар кузатилади.

Қолаверса, кўзнинг шиллиқ қаватига ультрабинафша нурларининг таъсири конъюнктивит ва кератит, яъни шоҳпарданинг яллиғланишини ҳам келтириб чиқаради.

— Бундай яллиғланиш зарарли нур таъсиридан бир неча соат ўтгач пайдо бўлиб, иккиси ҳам оғриқли кечади, — дейди Республика кўз касалликлари клиник шифохонаси бош шифокори Отабек Икромов. — Шу билан бирга, ультрафинафша нурлар катарактанинг ривожланишига ҳам сабаб бўлади.

Бундан ташқари, нурланиш индекси юқори бўлган вақтда очиқ ҳавода узоқ вақт юриш саратон касаллигига мойилликни ошириб, иммунитетни пасайтиради.

Шу боис бундай кунларда соат 11:00дан 16:00гача қуёш нурлари остида узоқ вақт юрмаслик, агар зарурат туғилса, бош кийим кийиш ёки соябон тутиш, кўзойнак тақиш ва имкон қадар ёпиқ либослар кийиш тавсия этилади.

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+