Андижон вилояти ҳокимлиги расмий баёнот билан чиқди
"Интернет тармоғида Ш.Абдураҳмонов акс этганлиги иддао қилинган видео тарқалиши ортидан, ижтимоий тармоқлардаги айрим саҳифаларда вилоят ҳокимининг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳамда обрўсизлантирувчи ҳақоратомуз постлар эълон қилинган.
Шу сабабли инсоннинг шаъни ва қадр-қимматини камситилишига олиб келувчи маълумотлар тарқатганлик ҳолати бўйича прокуратура органларига белгиланган тартибда шикоят аризаси юборилди.
Ҳозирда қонунга хилоф бундай маълумотлар тарқатган шахсларни аниқлаш ва уларга нисбатан қонун доирасида чора кўриш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13-моддасига кўра, инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади.
Ушбу олий қадриятни бузганлик учун қонунчиликда тегишли жавобгарлик белгиланган" дейилади Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати эълон қилган расмий баёнотда.