Президент фармони билан 2 йил аввал белгиланган тартиб амалда қандай ишлаяпти?
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021-йил 16-июндаги ПФ-6247-сон Фармони билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши сессияларини телеканаллар, шунингдек, Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатишни таъминлаш белгиланган.
Шунга кўра, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур тартибнинг маҳаллий кенгашлар томонидан 2022 йил давомида ижро этилиши ҳолатини таҳлил қилди.
Ўрганиш давомида Кенгашлар томонидан тақдим этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги кўриб чиқилди. Бунда сессиялар тўғрисида эълон қилинган қисқа хабарлар ёки фото ва видеорепортажлар фармон талаблари ижросини таъминламаганлик сифатида баҳоланди. Шунингдек, масофавий мониторинг тартибида трансляцияларнинг сифати ва тўлиқлиги ўрганилди.
Аниқланишича, 2022 йил давомида халқ депутатлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашлари томонидан жами 245 та сессия ўтказилган. Улардан фақатгина 61 таси, яъни 25 фоизи маҳаллий телеканаллар ёки Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилган.
Мисол учун, халқ депутатлари Хоразм, Жиззах, Наманган, Фарғона вилояти ва Тошкент шаҳар кенгашлари томонидан 2022-йил давомида ўтказилган бирорта сессиялар жонли эфирга узатилмаган.
Шунингдек, ўрганиш давомида халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари сессияларининг жонли эфирга узатилиши ҳолати ҳам таҳлил қилинди.
Аниқланишича, 2022-йил давомида халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашлари томонидан Республика бўйича жами 3 154 та сессиялари ўтказилган бўлиб, улардан фақатгина 750 таси, яъни 24 фоизи маҳаллий телеканаллар ёки Интернет тармоғи орқали жонли эфирга узатилган.
Жумладан, Тошкент вилоятида 13 та (Ўртачирчиқ, Бўка, Янгийўл, Тошкент т., Юқоричирчиқ, Оққўрғон, Бўстонлиқ, Қуйичирчиқ, Паркент, Ангрен, Чирчиқ, Нурафшон, Янгийўл), Андижон вилоятида 8 та (Андижон т., Жалақудуқ, Балиқчи, Қўрғонтепа, Марҳамат, Улуғнор, Асака, Булоқбоши), Бухоро вилоятида 6 та (Шофиркон, Когон, Пешку, Ромитан, Жондор, Ғиждувон), Қашқадарё вилоятида 6 та (Шаҳрисабз, Деҳқонобод, Муборак, Қарши шаҳар, Ғузор, Нишон), Навоий вилоятида 4 та (Томди, Хатирчи, Конимех, Навбаҳор), Наманган вилоятида 4 та (Чортоқ, Чуст, Косонсой, Уйчи), Қорақалпоғистон Республикасида 3 та (Қўнғирот, Беруний, Бўзатов), Хоразм вилоятида 3 та (Боғот, Қўшкўпир, Хива ш.), Сурхондарё вилоятида 2 та (Денов, Сариосиё), Самарқанд вилоятида 1 та (Қўшработ) халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашлари умуман жонли трансляция қилмагани маълум бўлди.