Сунъий интеллект Ўзбекистонда даромад ва имкониятлар тафовутини ошириб юбориши мумкин
Мамлакат сунъий интеллект бўйича глобал рейтингда 70-ўринни эгаллаб, Марказий Осиёда етакчига айланган. Бошқа томондан, рақамли инфратузилма ва имкониятлар ҳали ҳам тенг тақсимланмаган.

Ўзбекистонда сунъий интеллект ривожи фонида асосий хавф оммавий ишсизлик эмас, балки даромадлар ва имкониятлар ўртасидаги тафовутнинг кескин кенгайиши бўлиши мумкин. Бу ҳақда сунъий интеллектнинг ижтимоий-иқтисодий таъсири бўйича таҳлилий ҳужжатда қайд этилган.
Таҳлил Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти томонидан эълон қилинди.
Таҳлилга кўра, СИ технологияларидан самарали фойдалана оладиган касблар тез ривожланмоқда, зарур кўникмаларга эга бўлмаган қатлам эса ортда қолиб бормоқда. Натижада жамият ичида даромад ва имкониятлар тафовути чуқурлашиш хавфи ортади.
Халқаро кузатувлар ҳам бу тенденцияни тасдиқлайди. Хусусан, дунёдаги иш ўринларининг қарийб 40 фоизи сунъий интеллект таъсирига тушаётгани қайд этилган. Ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 60 фоизгача етади. Шу билан бирга, кичик ва ўрта бизнеснинг қарийб учдан бир қисми аллақачон генератив сунъий интеллектдан фойдаланмоқда ва уларнинг аксарияти ишлаб чиқариш самарадорлиги ошганини билдирган.
Экспертлар фикрича, яқин йилларда меҳнат бозорида катта ўзгаришлар кутилмоқда: 2030 йилгача ходимларнинг ярмидан кўпи қайта тайёрланишга муҳтож бўлади. Бироқ бу жараёндан четда қоладиган қатлам ҳам мавжуд бўлиб, айнан шу омил келажакдаги ижтимоий табақаланишни кучайтириши мумкин.
Ўзбекистон мисолида эса ҳолат икки томонлама баҳоланмоқда. Бир томондан, мамлакат сунъий интеллект бўйича глобал рейтинг (Government AI Readiness Index) да 70-ўринни эгаллаб, Марказий Осиёда етакчига айланган. Бошқа томондан, рақамли инфратузилма ва имкониятлар ҳали ҳам тенг тақсимланмаган: аҳолининг фақат 66 фоизи 4G билан қамраб олинган, IT соҳасида аёллар улуши эса 11 фоиз атрофида.
Шунингдек, мамлакат иқтисодиётининг асосий таянчи бўлган кичик ва ўрта бизнес субъектларида технологик ресурслар ва малакали кадрлар етишмаслиги кузатилмоқда. Бу эса сунъий интеллектдан кенг фойдаланишни чекловчи омиллардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Мутахассислар хулосасига кўра, агар мақсадли ва инклюзив сиёсат юритилмаса, сунъий интеллект бир вақтнинг ўзида иқтисодий ўсишни тезлаштириши билан бирга ҳудудлар, жинслар ва касблар ўртасидаги тафовутни янада чуқурлаштириши мумкин.
Шу боис қатор таклифлар илгари сурилган. Жумладан, маҳаллалар даражасида фуқароларга давлат хизматлари бўйича маслаҳат берувчи сунъий интеллект ёрдамчиларини жорий этиш, инновацион ечимларни синовдан ўтказиш учун махсус “AI Candbox” ҳудудларини ташкил қилиш, аёллар ва ёшлар учун амалий ўқув дастурларини кенгайтириш, шунингдек, сунъий интеллект сабаб даромади камайган фуқароларни қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш таклиф этилмоқда.
Умуман олганда, сунъий интеллект Ўзбекистон учун катта иқтисодий имкониятлар эшигини очмоқда. Бироқ ушбу имкониятлар барча қатламлар учун тенг бўлмаса, у ижтимоий тенгсизликни янада кучайтирувчи омилга айланиши мумкин.
