Наманганда МИБ ходимига пичоқ билан ташланган шахсга жиноят иши очилди
Наманганда фуқаро МИБ ходимига пичоқ билан ташланди.
Аниқланишича, давлат ижрочиси С.Бадалбоев 10 апрель куни соат 15:40 ларда қарздор фуқаро О.Тошбоев яшаш хонадонига 26 млн. 982 минг сўмлик банк кредити ва бошқа қарздорликларни ундириш бўйича мажбурий ижро ҳаракатларини амалга ошириш учун борилган.
Шу орада давлат ижрочиси хонадонга келганда қарздор йўқлиги маълум бўлган ва телефон орқали келишни сўраган. Қарздор эса турли баҳоналар билан келмаслигини маълум қилади.
Шундан сўнг, давлат ижрочиси қарздорлик бартараф этилмагани боис мажбурий ижро ҳаракатлари тайинланганини билдириб келишини сўрайди. Бундан ғазабланган қарздор О.Тошбоев эса, давлат ижрочисини қасддан ўлдириш мақсадида хўжалик пичоғи билан келиб, қонуний фаолиятга қаршилик қилиб, давлат ижрочисини кўкрак қафасига хўжалик пичоғи билан урмоқчи бўлганида, ўзини ҳимоя қилган ва ўнг қўл кафт соҳасидан жиддий жароҳат олган.
Қарздор яна давлат ижрочисини ўлдириш мақсадида уни ортидан қувган вақтда, ижро ҳаракатларида иштирок этаётган бошқа давлат хизматчилари томонидан қўлидаги хўжалик пичоғи олиб қўйилиши сабабли, жиноятни охирига етказа олмайди.
Мазкур ҳолат бўйича 2023 йил 10 апрель куни Тўрақўрғон туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 2-қисми билан жиноий иш қўзғатилиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.